Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг XIV сессиясида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ 13 та муҳим масала кўриб чиқилди.
Сессияда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимовнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Хоразм вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Депутутлар мазкур қарор ижроси доирасида амалга оширилган ишларни қўллаб-қувватлаб, ўз таклифларини билдирдилар.
***
Фуқароларни ташвишлантираётган муаммоли масалаларга ечим топиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб- қувватлашда халқ билан мулоқотда бўлиш, жойларда мунтазам ўтказилаётган сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-26011]
Янгиариқ тумани ҳокими Зафарбек Матназаровнинг навбатдаги сайёр қабулида ҳам фуқароларнинг уй- жой, кадастр, кредит олиш, даволаниш, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, коммунал хизматлар билан боғлиқ мурожаатлари ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.
***
Давлетова Райҳон Мақсудовна Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи этиб тайинланди.
Р.Давлетова тайинловга қадар Урганч шаҳри Янги ҳаёт маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган.
***
Урганч туманида давлат хизматчилари учун навбатдаги сиёсий-маърифий ўқув соати бўлиб ўтди.
Мазкур ўқув машғулотида туман ҳокимлиги аппарати ходимлари, шунингдек туман корхона ва ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўқув соати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ilm.argos.uz платформаси орқали онлайн тарзда ташкил этилди.
Мазкур машғулотлар давлат хизматчиларининг сиёсий саводхонлигини ошириш, уларнинг касбий малакаси ва фуқаролик масъулиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
***
Уммон давлатининг Маскат шаҳрида катталар жамоалари ўртасида Regbi-7 бўйича Осиё чемпионати ўтказилди.
Унда Урганч давлат педагогика институти талабалари Феруза Янгибоева ва Гулруҳ Рўзматова Ўзбекистон аёллар терма жамоаси таркибида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Мазкур чемпионат XXXIV “Los Angeles–2028” ёзги Олимпия ўйинлари учун рейтинг балларини тўплаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, терма жамоамиз эса ушбу йўлда муҳим ғалабани қўлга киритди.
А.Шокиров, ЎзА