“Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Маҳмудова Хоразм вилоятига хизмат сафари доирасида вилоят коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг йиғилишида иштирок этди.
Йиғилишда Хоразм вилоятида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, хусусан, маиший коррупцияга барҳам бериш ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг Урганч туманидаги ижроси юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
***
Тупроққалъа туманида Оила ва хотин-қизлар маскани фаолияти ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова хотин-қизлар учун яратилган шароитлар, ҳунармандчилик ва тадбиркорликка жалб этиш ҳамда аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Тупроққалъа туманида бўлди.
Танишув жараёнлари аввало тумандаги Оила ва хотин-қизлар маскани фаолиятини ўрганишдан бошланди. Мазкур масканда аёлларга ҳунармандчилик ва тадбиркорлик, тиббий-психологик ҳамда соғломлаштириш каби 6 йўналишда турли хизмат ва кўмаклар кўрсатиб келинмоқда.
***
Хитой Халқ Республикасининг Ляонин провинциясида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “China Liaoning International Investment and Trade Fair” халқаро инвестиция ва савдо ярмаркасида Хоразм вилояти вакиллари ҳам фаол иштирок этди.
Хоразм делегацияси ушбу кўргазмада вилоятнинг инвестицион ва туризм салоҳияти, саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик йўналишлари бўйича тақдимотлар ўтказиб, вилоятнинг бой тарихи, туристик жозибаси ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбир давомида Хитойнинг турли компаниялари ва бизнес доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Икки томон ўртасида туристлар оқимини ошириш бўйича келишувларга эришилди.
***
Урганч олимпиа ва паралимпиа спорт турларига тайёрлаш марказида 15 ёшгача бўлган ўсмир қиз ва ўғил болалар ўртасидаги "Ўзбекистон кубоги” мусобақасининг стол тенниси бўйича баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 105 нафар қиз ва 110 нафар ўғил бола ўз маҳоратларини намоён этиб, жисмоний имкониятларини синовдан ўтказишмоқда.
[gallery-25502]
А.Шокиров, ЎзА