Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:01 / 2025-09-25

Хоразм вилоятининг туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарларидан иборат делегация туризм, саноат соҳалари, куну тун фаолият юритувчи кўчалар ва маданий лойиҳалар бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Хитойнинг Хубай провинциясида бўлди.

Эндиликда ўрганилган тажрибаларни Хоразм шароитига мослаштириш бўйича таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

***

Кадастр агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси раҳбарияти томонидан Урганч шаҳрида навбатдаги сайёр қабул ва очиқ мулоқот ташкил этилди. 
Бошқарма раҳбарияти, мутасадди ходимлар иштирокидаги тадбирда фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.
Қабул давомида фуқароларнинг ер участкаларини расмийлаштириш, кадастр ҳужжатлари, хатлов жараёнлари ҳамда бошқа долзарб масалалар жойида ҳал этилди, ўрганиш талаб қилинадиган мурожаатлар бўйича масъул ходимларга аниқ вазифа ва топшириқлар юклатилди.
Шунингдек, аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар ҳам тингланди.

***

Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида битирувчи талабалар учун “Бизнес марафон” ташкил этилди. 
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда талабаларга берилаётган имкониятлар, хусусан, ёшларга оид давлат сиёсатида уларнинг ташаббускорлиги ва бизнес ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор ҳақида гапирди.
Семинарда “UZTEX GROUP” ва “UzAutoMotors” акциядорлик жамияти Хоразм вилояти филиали вакиллари, “Harvard school” IELTS ўқув маркази асосчиси ва бошқа ишбиларманлар талабаларга ўз тажрибаларидан мисоллар тақдим этди. 
Семинар-тренинг давомида битирувчи талабалар нафақат маслаҳатлар, балки келажак фаолиятлари учун керакли рағбат ҳам олдилар. 

***

Юртимиз бўйлаб эълон қилинган “Хонатлас” ойлиги доирасида Хоразм вилоят божхона бошқармасининг аёл ходимлари хизматни миллий либосларда олиб бордилар.
–Асрлар давомида миллий либос сифатида кенг қўлланилиб келаётган атлас матоси халқимизнинг юксак маданий мероси, гўзаллик ва нафосат рамзи ҳисобланади, – дейди вилоят божхона бошқармаси ходимаси Лайло Ғаниева. – Унинг ранг-баранг нақшлари, бадиий уйғунлиги ва бетакрор услуби нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ҳам эътироф этилган. Атлас матосидан тикилган миллий либослар бугунги кунда ҳам маънавиятимиз ва қадриятларимиз тимсоли сифатида қадрланади.
Ушбу ташаббус нафақат миллий қадриятларни тарғиб этиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва уни замонавий хизмат фаолияти билан уйғунлаштиришга ҳам хизмат қилади.

*** 

Гурлан туманида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин‑қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Энг намунали хотин‑қизлар фаоли” кўрик‑танловининг туман босқичи ўтказилди. 
Унда тумандаги маҳаллаларда фаолият юритаётган энг намунали 10 нафар хотин‑қизлар фаоли қатнашди.
Танлов иштирокчилари ҳужжатлар билан ишлаш, слайд ва видеоролик тайёрлаш, турли шартлар бўйича синовдан ўтишди. 

[gallery-25449]

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни “Деҳқон” ва “Зиёкор” маҳаллаларининг хотин-қизлар фаоли Муҳайё Турсунбоева эгаллади. 
Ғолиб ва фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.

***

Хива шаҳар Сангар маҳалласининг Сангар кўчасида "Ўзбектелеком" Хоразм филиали Хива шаҳар телекоммуникация боғламаси томонидан узунлиги 290 метр бўлган 8 толали оптик Интернет кабел линияси тортилди.
Мазкур тармоқ аҳолини сифатли алоқа хизматлари билан таъминлаш, мавжуд инфратузилмани яхшилаш ва замонавий Интернет телекоммуникация тизимларини ривожлантиришга хизмат қилади.

А.Шокиров, ЎзА