Хива туманидаги давлат хизматлари маркази биносида Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимовнинг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди.
Қабул давомида фуқароларнинг мурожаатлари асосан мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун моддий ёрдам олиш, уй-жой ва кадастр билан боғлиқ масалалар, ишга жойлашиш, ободонлаштириш билан боғлиқ муаммолар хусусида бўлди.
Ҳар бир мурожаат тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўрганилди ва қонун доирасида ҳал этилди.
***
Хоразм вилоят прокуратураси томонидан Шовот тумани “Янги Ўзбекистон” массивидаги кўп қаватли тураржой бинолари ва ижтимоий соҳа объектларининг қурилиш ишлари соҳага масъул ташкилотлар иштирокида ўрганилди.
Ўрганиш давомида қурилиш ишларини сифатли олиб бориш, жорий йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган тураржойлар қурилишини муддатида сифатли қилиб якунлаш бўйича масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, дастурлар ижроси бўйича қурилиш ишларининг олиб борилиши, уларни назорат қилиш, кўп қаватли тураржойларни қуриш ва фойдаланишга топшириш, ажратилган маблағларнинг ўз вақтида ишлатилиши юзасидан келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
***
Хоразмлик бир гуруҳ ўқувчилар Германияда ёзги таълим курсида иштирок этиб қайтишди.
“Мактаблар: келажак ҳамкорлари” лойиҳаси доирасида ўқувчилар 20 кун давомида Германиянинг Бамберг шаҳрида уч ҳафталик ёзги ёшлар курсларида қатнашиб қайтдилар.
– Курс давомида германиялик тажрибали ўқитувчилар томонидан машғулотлар ўтказилди, – дейди Урганч шаҳар 19- мактаб ўқувчиси Камола Машарипова. – Бўш вақтларда спортнинг баскетбол, футбол, wоркоут турлари бўйича ҳамда ижодий машғулотларда иштирок этдик. Дам олиш кунлари эса немис тили ўқитувчимиз Райхон Равшанбекова ҳамроҳлигида тарихий музейлар ва тоғли ҳудудларга саёҳатлар қилдик.
Якуний имтиҳонларда хоразмлик ўқувчилар “Goethe Zertifikat” халқаро сертификатини қўлга киритишган.
Таълим саёҳати билан боғлиқ барча харажатлар Германиянинг нодавлат ташкилоти Гёте институти томонидан қоплаб берилган.
[gallery-25206]
***
2025 йилнинг 8 ойи давомида Урганч шаҳрида 498 та жиноят содир этилган.
Ўтган 2024 йилда ушбу кўрсатгич 263 тани ташкил қилган. Бу дегани жорий йилда мазкур шаҳарда умумий жиноятлар сони 89,4 фоизга кўпайган.
Жиноятларнинг таҳлига кўра, 135 таси, яъни 27,1 фоизи олди олиниши лозим бўлган, 206 таси яъни 41,3 фоизи аниқланадиган, 57 таси, 31,5 фоизи кибер жиноятларни ташкил этади.
Ҳар 100 минг аҳоли сонига жами жиноятлар Хоразм вилояти бўйича 95,7 тадан тўғри келса, Урганч шаҳрида ўртача 319,8 тадан тўғри келмоқда.
Шаҳардаги 40 та маҳалладан 5 таси “қизил”, 19 таси “сариқ” ва 16 таси “яшил” тоифага киритилган.
А.Шокиров, ЎзА