Қўшкўпир туманидаги Қоровул маҳалласида ички хўжалик йўлларига қум-шағал аралашмаси ётқизиш ишлари амалга оширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирок этди. Бу йил туманда барча дастурлар доирасида 42 км мумфойдаланувдаги йўллар ва 55 км ички хўжалик йўлларини таъмирлаш режалаштирилган. Шунингдек, маҳаллада ҳудуд инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида электр, табиий газ ва ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, кўчаларни ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
[gallery-21571]
Тадбир давомида маҳалла аҳли учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ва чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳам ташкил қилинди.
***
"UzAuto Motors" АЖ Хоразм вилояти филиалига умумий қуввати 2 минг 328 киловаттлик қуёш панеллари ўрнатилди.
Атроф-муҳитга зарар етказмайдиган энергия манбаларидан фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. 2025 йили мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб "UzAuto Motors" АЖ Хоразм вилояти филиалида йирик ҳажмдаги қуёш панеллари ўрнатилмоқда.
Янги тизим заводнинг энергия самарадорлигини ошириш, атроф-муҳитга зарарли чиқиндиларни камайтириш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Қуёш панеллари ёрдамида электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг бир қисми қайта тикланувчи манба ҳисобига қопланади.
***
Миллий гвардия Хоразм вилояти Қўриқлаш бошқармаси ташаббуси билан Хива туманидаги Қорақум маҳалласида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва самарали ташкил этишга қаратилган тадбир ўтказилди.
Тадбир ўтказишдан асосий мақсад аҳоли, айниқса, ёшларнинг ижодий ва спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, маданият ва спорт орқали ёшларнинг фикрлаш тарзини ривожлантиришдир.
Тадбир давомида кенг қамровли спорт мусобақалари ташкил этилди. Камондан отиш, волейбол, футбол, стол тенниси, шахмат-шашка ва киберспорт турлари бўйича ёшлар ўзларини синаб кўришди. Синовлар ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишга ва жисмоний тарбияга эътиборни кучайтиришга хизмат қилди.
Тадбир доирасида миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни намойиш қилишга алоҳида урғу берилди. Миллий рақслар ва концерт дастурлари иштирокчиларга катта хурсандчилик баҳш этди. Айниқса, гулхан атрофидаги ўйинлар барчанинг кўнглида ёрқин таассуротлар қолдирди. Махсус ташкил этилган мусобақалар ва маданий кўргазмалар нафақат ёшларга, балки уларнинг оилаларига хушкайфият бағишлади.
***
Хоразм вилояти суди раиси иштирокида брифинг ҳамда “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари бўлиб ўтди.
“Очиқ эшиклар куни” тарғибот тадбирида суд тизими ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ислоҳотлар, “Ўзбекисон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳамда суд қонунчилигига оид ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Дастлаб журналист ва блогерлар, жамоатчилик фаоллари ҳамда талабалар суд органлари фаолияти билан таништирилди. Бунда суд биносида яратилган шароитлар, девонхона, суд архиви, интерактив хизматлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир давомида Хоразм вилояти суди раиси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари, талабалар иштирокида брифинг ҳам ташкил этилди.
***
Шовот туманидаги Қиёт маҳалласи аҳолиси учун тор соҳа мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Малакали шифокорлар томонидан 267 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида 139 нафар фуқарога даво чораларини қўллаш тавсия қилинди. Мобил поликлиника ёрдамида 49 та офтольмологик текширувлар ҳам амалга оширилди.
Туман “Саломатлик маркази” вакиллари томонидан соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш бўйича суҳбатлар ташкил қилинди.
***
Хоразм вилоят прокуратураси ҳамда вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамкорлигида ўтказган рейд тадбирлари давомида Гурлан туманида яшовчи фуқаро А.Д. томонидан сувни муҳофаза қилиш режимини бузганлик ҳолати аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 72-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1 миллион 125 минг сўмдан жарима қўлланилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири