Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Раҳимов хоразмликларга мурожаат қилди.

Вилоят раҳбарининг мурожаати қуйидагича бўлди:
Маълумки, Хоразм воҳаси мамлакатимизнинг шимолий минтақасида жойлашган бўлиб, бу хосиятли ва муқаддас заминда йилнинг тўрт фасли ўзининг турли синовларини намоён этиб келади. Табиат қийинчиликлари қаршисида асло бўйин эгмаган, матонатли, заҳматкаш халқимиз қишнинг изғирин совуғи ва ёзнинг жазирамасига, баҳорнинг турфа инжиқликлари ва кузнинг ўзгарувчан об-ҳавосига ҳамиша дош бериб, ҳаёт тарзини ушбу мувозанатга мослаб яшаб келган.
Сўнгги кунларда Республикамизда, жумладан вилоятимиз ҳудудида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши натижасида электр энергияси ва табиий газга бўлган талаб сезиларли даражада ошди. Аномал совуқ туфайли истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлашда муаммолар кузатилмоқда. Бундай ноқулай об-ҳаво шароитида қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида аҳолини хабардор қилиш, бу борадаги ишлар натижадорлигини таъминлаш вилоят раҳбари сифатида зиммамдаги энг муҳим вазифа эканини чуқур англаган ҳолда сиз азиз элдошларимизга мурожаат қилмоқдаман.
Муҳтарам Президентимиз томонидан қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда ҳозирги мураккаб шароитда мавжуд ресурсларни адолатли тақсимлаб, муаммоли маҳаллаларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш, мурожаатларни тезкорлик билан ҳал этиш вазифаси топширилди.
Ҳудудлардаги вазиятни таҳлил қилиш, тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш ва энергия таъминотидаги узилишларни бартараф қилиш мақсадида вилоятда, шаҳар ва туманларда махсус штаблар ташкил қилиниб, туну-кун фаолият олиб бормоқда. Ҳар кун эрталаб соат 8.00 да ва кечқурун соат 20.00 жойлардаги вазият муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланмоқда. Қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида вилоят бўйича маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, коммунал соҳа, ўзини-ўзи бошқариш органларининг раҳбар ва мутахассисларидан иборат 2200 нафардан зиёд ходим жалб қилинган.
Ҳозирги шароитда биринчи навбатда табиий газни аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш мақсадида 556 та улгуржи истеъмолчига газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди. Автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчалари фаолиятига ҳам вақтинча чеклов қўйилиб, фақат тез тиббий ёрдам, электр, газ, сув ва иссиқлик таъминоти корхоналарининг авария-қутқарув учун мўлжалланган махсус машиналари ҳамда жамоат транспортига белгиланган шохобчаларда қатъий жадвал асосида газ тўлдириш йўлга қўйилган. Аҳолининг транспорт воситалари ҳаракатини таъминлаш мақсадида вилоятдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали савдога чиқарилаётган АИ-80 маркали бензин ҳажми қарийб 3 баробар кўпайтирилди. Аҳоли шахсий транспорт воситалари учун сиқилган газ етказиб бериш вақтинча чекланганини инобатга олиб, йўналишга чиқаётган жамоат транспорти сони оширилди, вилоятнинг бир нечта ҳудудларида қўшимча йўналишларда қатновлар йўлга қўйилди.
Табиий газ билан таъминланмаган ҳудудларни суюлтирилган газ ва кўмир билан таъминлаш бўйича вилоятга яна қўшимча ресурслар жалб этилди. Шаҳар ва туманлардаги 11 та кўмир тарқатиш шохобчаларида етарли миқдорда кўмир захираси мавжуд бўлиб, кундалик кўмир маҳсулоти темир йўл орқали етиб келяпти. Вилоятдаги 333 та кўп қаватли уй ва 166 та ижтимоий соҳа объектига иссиқлик энергияси етказиб бераётган 94 та қозонхона тўлиқ ишлатиляпти ва етарли ёқилғи билан таъминланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qkVBW9bUT6o" title="Тезкор: Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Рахимовнинг Хоразм вилояти аҳолисига..." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Азиз элдошлар! Яна шуни таъкидламоқчиманки, ҳурматли Президентимизнинг топшириғига кўра совуқ кунларда бирорта хонадон қарздорлик учун электр ва табиий газ тармоғидан узилишига йўл қўйилмайди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан ижтимоий оғир аҳволда қолган оилалар бепул кўмир, озиқ-овқат, иссиқ кийим бош билан таъминланади. Жойларда эҳтиёжманд оилалар учун бепул иссиқ овқатлар тайёрлаб тарқатилмоқда. Деҳқон бозорларида сотувчи ва харидорлар учун қулай шароит яратиш, озиқ-овқат маҳсулотларини совуқ таъсиридан сақлаш мақсадида савдо расталари махсус воситалар билан вақтинча изғириндан ҳимояланмоқда. Нарх-навонинг ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида шаҳарларда ва туман марказларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил қилинди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим соҳасидаги ваколатларига асосланиб, вилоят ҳудудида совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётгани туфайли барча мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида қишки таътил 2023 йил 23 январга қадар узайтирилди. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад, ноқулай об-ҳаво шароитида ёш авлод саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат.
Ҳурматли истеъмолчилар!
Табиий газ танқислиги кузатилаётган шу кунларда фуқаролар хонадонларни иситиш учун электр қурилмаларидан кенг фойдаланмоқдалар. Иситиш қурилмаларидан фойдаланишда ёнғин ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишингизни, ортиқча электр жиҳозлари ва чироқларни ўчириб қўйишингизни сўраймиз. Бу трансформаторларга ортиқча юклама тушишининг олдини олиш, энергия ресурсларининг чекка ҳудудларга ҳам етиб боришига хизмат қилади. Шунингдек, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз зудлик билан 1154, 1104, 105 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Азиз элдошлар!
Кекса авлод вакиллари ўзларининг ҳаёт тажрибаларида бундай табиат қийинчиликлари кўп бор кўриб, синовларни мардонавор енгиб ўтишган. Бундан икки йил муқаддам пандемия туфайли вужудга келган ўта мураккаб шароитда ҳам халқимиз давлатимиз раҳбари атрофига жипслашиб ҳалокатли вазиятдан соғ-омон чиқиб олди. Ишонаманки, аномал совуқ туфайли юзага келган қийинчиликларни элдошларимизнинг она Ватанга бўлган қайноқ меҳру-муҳаббати, юртга садоқати билан ҳамжиҳатликда енгиб ўтамиз. Барчангизга мустаҳкам саломатлик, хонадонингизга файзу-барака тилайман.
Жўрабек Раҳимов,
Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи.
ЎзА