Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразм вилояти ҳокимлиги диққатига: Урганч туманидаги бозор тақдирини ким ҳал қилади?
09:22 / 2021-04-27

Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Яқуб Раззоқ универсал савдо комплекси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бозор ҳудудида асосан эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг 254 савдо шохобчаси жойлашган.

Шундан 42 таси жамиятга тегишли бўлиб, 27 та савдо шохобчаси айни кунда фаолият кўрсатмаяпти. Юридик ва жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган 212 та савдо шохобчасининг ҳам фақат 161 таси фаолият юритмоқда.

“Яқуб Раззоқ универсал савдо комплекси”га бир кунда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан товар сотиш ёки сотиб олиш мақсадида минглаб одамлар ташриф буюради.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига фуқаро Ж.Садуллаев томонидан “Яқуб Раззоқ универсал савдо комплекси” МЧЖ эҳтиёт қисмлар бозори Қонунчилик меъёрлари, муҳандислик, шаҳарсозлик, транспорт ва ижтимоий тузилмага кўра талабга жавоб бермаслиги, бу ҳақда давлат активларини бошқариш агентлиги, Хоразм вилояти ЙХХБ, ЁХБ, ФВБ томонидан маълумот берилган бўлсада мазкур бозор ҳамон фаолият кўрсатиб келаётгани ҳақида ёзиб, мутасадди раҳбарлардан ушбу бозор фаолиятини қайта кўриб чиқишларини сўрайди.

Шунингдек, Мурожаатчи ўз аризасига 2019 йил 16 декабрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Ариповга Ўзбекистон Бош прокурори Н.Йўлдошев томонидан ёзилган тақдимнома нусхасини илова қилган.

Йўлланган мурожаат юзасидан журналист суруштируви ўтказилди. Ушбу масала бўйича ЎзА мухбири бир қатор ташкилотлар, мутасадди раҳбарлар билан учрашиб уларнинг фикрларини ўрганди.

Урганч туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, “Яқуб Раззоқ универсал савдо комплекси” масъулияти чекланган жамияти «Шоира» хусусий корхонаси негизида ташкил қилинган. 1993 йил 18 майда Урганч туман ҳокими қарори билан Урганч тумани, Чаккашоликор қишлоғи Урганч туман газ хўжалиги фойдаланиш идораси еридан «Шоира» хусусий корхонасига ишлаб чиқариш базаси қуриш учун 0,44 гектар ер участкаси берилган. 1996 йил 14 февралда қўшимча равишда яна 0,12 га ер майдони ажратиб берилган. Орадан ўн кун ўтиб яъни 24 февралда Урганч туман ҳокимининг тегишли қарорига асосан «Шоира» хусусий корхонаси тугатилиб, унинг негизида «Якуб Раззоқ автомашина бозори» хусусий фирмаси ташкил қилинган. Туман ҳокимининг 1998 йил 10 сентябрдаги 370-сонли қарори билан «Якуб Раззоқ автомашина бозори» хусусий фирмасига автомашина бозорини кенгайтириш учун яна 0,60 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 июлдаги «Ноозиқ-овқат истеъмол товарлари билан савдо қилишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ҳокимликларга бозорларни ихтисослаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш юклатилди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Хоразм вилоятидаги барча бозорлар шу бозорлар жойлашган ер майдони билан давлат улуши шакллантирилган ҳолда қайтадан ташкил қилинган.

Шу мақсадда 2003 йил 29 октябрда Урганч тумани ҳокими ўринбосари Э.Аллаберганов раислигида Урганч туман ҳокимлиги қошидаги ер майдонларини ажратиш бўйича доимий комиссиянинг йиғилиши ўтказилган. Унда «Якуб Раззоқ» хусусий фирмаси ҳудудида «Урганч автомобиль бозори» масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиш, туман ҳокимлиги ушбу жамиятга ўз улуши, яъни ажратилган 0,5 гектар ер майдони билан кириш ва ушбу ер майдонини 3 миллион 11 минг 445 сўмга баҳоланиши тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шундан сўнг, 2003 йил 31 октябрда Урганч тумани ҳокими ўринбосари Э.Аллаберганов раислигида ҳамда «Якуб Раззоқ» хусусий фирмаси мулкдори Ж.Якубов иштирокида «Урганч автомобиль бозори» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг таъсис конференцияси ўтказилган. Йиғилишда «Урганч автомобиль бозори» масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиш, жамиятнинг устав фондини 5.904.794 сўм (шундан Урганч туман ҳокимлиги томонидан қўшилган ҳиссаси 51 фоиз, баҳоси 3.011.445 сўмни ташкил қилган 5000 м2 ер майдони, «Якуб Раззоқ» хусусий фирмаси томонидан қўшиладиган ҳиссаси 49 фоиз, баҳоси 2.893.349 сўмни ташкил қилган ёзги ошхона биноси) қилиб белгилаш, Ж.Якубовни жамият директори лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Юқоридаги йиғилиш баёнига асосан, Урганч туман ҳокими томонидан 2003 йил 22 декабрда «Урганч автомобиль бозори» МЧЖни ташкил қилиш тўғрисидаги 1011-сонли қарор қабул қилинган. Шу вақтдан кейин Урганч туман ҳокимлиги вакиллари 51 фоиз улуш эгаси сифатида жамият йиғилишларида қатнашиб келган. Кейинчалик, 2007 йил 31 май куни «Урганч автомобил бозори» МЧЖ таъсисчиларининг умумий йиғилиши ўтказилиб, «Урганч автомобиль бозори» МЧЖ эҳтиёт қисмлар бозорига ихтисослаштирилиб, жамиятнинг номи «Яқуб Раззоқ эҳтиёт қисмлар бозори» МЧЖ сифатида ўзгартирилган. 2007 йил 13 июнь куни вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган. Бунда ҳам давлат улуши 51 фоиз эканлиги белгиланган.

«Яқуб Раззоқ эҳтиёт қисмлар бозори» МЧЖ ташкил қилинганидан кейин давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ёрдами билан Урганч туман марказий буюм бозори ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар «Яқуб Раззоқ эҳтиёт қисмлар бозори» МЧЖ ҳудудига кўчирилган. Шу билан эҳтиёт қисмлар бозори фаолияти йўлга қўйилган. Орадан бир неча йиллар ўтганидан кейин, яъни тахминан 2010 йил бошларида Ж.Якубов Урганч туман ҳокимлигини таъсисчилар сафидан чиқаришга ҳаракат қила бошлаган. Бу борада бир неча марта туман ҳокими ўринбосари Х.Жуманиязовга таъсисчилар сафидан Урганч туман ҳокимлигини чиқариш ҳақидаги Кузатув Кенгаши йиғилиши баёнларини имзолаб беришни сўраб мурожаат қилган. Бироқ, Х.Жуманиязов Урганч туман ҳокимлиги томонидан таъсис улуши шакллантирилганлиги, бозор жойлашган ер майдони давлатга тегишли эканлиги ва шу ер майдони билан таъсис улуши шакллантирилиши ҳақида йиғилиш баёнлари чиқарилганлигини айтиб, туман ҳокимлигини таъсисчилар сафидан чиқариш ҳақидаги йиғилиш баёнларини имзолаб бермаган ва Урганч туман ҳокимлигини таъсисчилар сафидан чиқарилишига йўл қўймасдан келган.

Шу каби келишмовчилик давом этавергач, 2010 йил 6 июль куни Кузатув Кенгаши йиғилиши ўтказилган ва бозор фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинган. Бироқ, бозор ҳудудидаги тадбиркорларни яна бошқа жойга кўчириш осон иш эмас.

Урганч тумани ҳокимлиги Урганч туманлараро иқтисодий судига “Яқуб Раззоқ универсал савдо комплекси” маъсулияти чекланган жамияти фаолиятини тўхтатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Урганч туманлараро иқтисодий суди 2018 йил 5 декабрда иш мазмунан судда кўриб чиқулгунига қадар аризачининг даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириб, “Яқуб Раззоқ универсал савдо комплекси” маъсулияти чекланган жамиятининг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб турилишини белгилаб, ажрим чиқаради. Ушбу ажрим ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги вакиллари ва туман ИИБ ходимлари савдо комплексига борганда тадбиркорларнинг қаршиликларига учрайди.

Урганч туманлараро иқтисодий суди 2018 йил 20 декабрда иш ҳужжатларини ўрганиб, тарафлар вакилларининг тушинтиришлари, прокурор фикрини тинглаб, Урганч туман ҳокимлигининг аризасини рад қилади. 2018 йил 5 декабрда чиқарилган даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримни бекор килиб ҳал қилув қарорини чиқаради. Унга кўра, бозор ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Урганч тумани Чаккашоликор қишлоғи Шерматлар маҳалласида яшовчи фуқаролар эса “Яқуб Раззоқ универсал савдо комплекси” маъсулияти чекланган жамияти фаолиятидан норози. Улар бозорнинг антисанитария ҳолати, автотранспортлар учун махсус жойларнинг йўқлиги, ҳаракатланиш хавфсизлиги ҳам таъминланмаганини важ қилиб мутасаддиларга кўплаб мурожаат қилган.

Жорий йил 15 апрель куни Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов журналист ва блогерлар билан ўтказилган матбуот анжуманида ЎзА мухбири томонидан йўлланган “Яқуб Раззоқ универсал савдо комплекси” маъсулияти чекланган жамиятининг келгусидаги тақдири қандай бўлади?” деган саволига қуйидагича жавоб берган.

– “Яқуб Раззоқ универсал савдо комплекси” маъсулияти чекланган жамиятининг фаолияти жуда кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда, ушбу бозор албатта кўчирилади”, деган Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов.

Шу ернинг ўзида молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Қ.Игамбергенов ва ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Баҳром Қурбоновга бозорни кўчириш, у ерда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар компенсациясини тўлаб бериш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, тадбиркорлар ва фуқаролар норози бўлмасликлари кераклиги юзасидан топшириқ берган.

Бироқ ҳалигача вилоят ҳокими ўринбосарлари “Яқуб Раззоқ универсал савдо комплекси” маъсулияти чекланган жамиятининг келгуси тақдирига оид батафсил маълумотларни тақдим этганича йўқ. Биз, вилоят ҳокими ва тегишли мутасаддилар бу масалани ўрганиб чиқиб, бозор кўчирилиши ёки кўчирилмаслиги борасида аниқ жавоб берилишини кутиб қоламиз.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА