Вилоят ҳокимлигида қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, қишлоқ ва сув хўжалигига алоқадор идора, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ва мутахассаслар иштирок этди.
Йиғилишда вилоят ҳокими Фарход Эрманов сўзга чиқиб, 2020 йил ҳам Хоразм деҳқони учун осон келмаганлиги, сув танқис бўлгани, бироқ, йил бошидан барча агротехник тадбирлар тизимли равишда ташкил қилингинлиги туфайли қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида баракали хирмон яратилганлиги ҳақида гапирди. Шундай бўлсада, соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар, кечиктирилган ёки йўл қўйилган камчилик мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек йиғилишда тармоқларни ривожлантириш ҳисобига экспорт салоҳиятини ошириш ва даромадни кўпайтириш, соф фойда ҳажмини ошириш билан бирга ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имкониятлари эътибордан четда қолаётганлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунига асосан вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Юсупов Отабек Болтабоевич эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шу кунгача Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Собиров Комилжон Эркинович Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасига тайинланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев иштирок этди ва сўзга чиқди.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА