Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразм лазгисини эшитиб дилим яйрайди
17:29 / 2023-07-19

Андижон вилоятининг энг хушманзара гўшаси Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали давом этмоқда.

Мамлакатимиз санъати, ўзига хос миллий қадрият ва анъаналарини, шунингдек, туризм салоҳияти ва имкониятларини намойиш этаётган мазкур фестивалда нафақат юртимиз санъаткорлари, балки дунёдаги қатор давлатларнинг эстрада санъати гуруҳлари, хонандалари иштирок этмоқда.  

Фестивалнинг иккинчи кунида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан ташриф буюрган ижодий гуруҳ ва санъаткорлар Хонобод шаҳри маданият ва истироҳат боғида ўзлари учун ажратилган жойларда фестиваль меҳмонларига ўз концерт дастурларини намойиш этмоқда.  

– Фестивалда қорақалпоқ халқи санъатини намойиш этаётганимиздан беҳад мамнунмиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги “Айкулаш” фольклор-этнографик ансамбли раҳбари Ҳаётберган Алланиёзов. – Халқимизнинг миллий қўшиқ ва рақслари фестиваль меҳмонларига манзур бўлмоқда.  

Сурхон воҳаси санъати жозибадорлиги, ўзига хослиги, миллийлиги билан ҳамиша томошабинлар эътиборини қозонган.  

“Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивалида ҳам Сурхондарё вилоятидаги “Жарқўрғон” фольклор этнографик ансамбли ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Норали Алланазаров ижросидаги қўшиқларни томошабинлар катта оқишлар билан кутиб олди.  

Оллоҳшукур Қурбонназаров раҳбарлигидаги хоразмлик санъаткорларнинг қўшиқлари, айниқса, лазги, “Хоразмда Хива бор” қўшиқлари барчани рақсга чорлади.  

[gallery-12828]

– Хоразм лазгисини эшитиб дилим яйради, – дейди фестивалга Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғидан фарзанд ва набиралари билан келган, меҳнат фахрийси Ҳалимахон Болтабоева. – Айниқса, набираларим рақсга тушди. Халқимизнинг кўнглини кўтараётган ушбу фестиваль ташаббускори Президентимизга, ташкилотчиларга мингдан-минг раҳмат.  

Шунингдек, фестиваль доирасида республикамизда фаолият олиб бораётган хонандалар ўртасида ўтказилган танловда Тошкент шаҳридан Сарвиноз Камолова гран-при соҳибаси бўлди. Биринчи ўрин самарқандлик Диёра Жаъфаровага, иккинчи ўрин андижонлик Санжар Омонов ҳамда фарғоналик Шохруҳ Ғаниевга, учинчи ўрин эса андижонлик Севара Тўланова ҳамда тошкентлик Бобур Ўразалиевга насиб этди.  

Фестивалнинг иккинчи куни тадбирлари ҳам юқори кўтаринкилик билан давом этмоқда.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА