Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразм гиламларининг жилоси дунёга таралади
15:37 / 2025-09-30

Гиламдўзлик халқимизнинг бой маданиятидан дарак берувчи ўзига хос ҳунармандчилик турларидан биридир. Айниқса, қўл меҳнати асосида яратилган Хоразм, хусусан, Хива гиламлари маҳаллий ва жаҳон бозорида алоҳида қадрланади.

Буюк ипак йўлида жойлашган Хоразмнинг Хива гиламлари қадим-қадимдан Эроннинг саҳабийлар гилами, туркман гиламлари ёки Хитойнинг ипак гиламлари қаторида дунёнинг энг қиммат гиламлари қаторига кирган.  

Мамлакатимизда қадимдан миллий қадрият сифатида ривожланиб келаётган гиламдўзлик анъаналарини асраб-авайлаш, илмий тадқиқ этиш, халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ва кенг тарғиб этиш, анъанавий усулда гилам тўқиётган уста-ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли ҳамда хорижий сайёҳларнинг анъанавий гиламдўзликка қизиқишини уйғотиш,  анъанавий гиламдўзлик бозорини ривожлантириш мақсадида жорий йил 18-19 октябрь кунлари Хива шаҳрида "Гиламлар жилоси" номи остида халқаро гилам кўргазмаси ўтказилади.  

Хоразм вилоят ҳокимлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси ва Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этиладиган халқаро тадбирда маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар, олимлар, соҳа мутахассислари ҳамда фахрий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда. Айни дамда вилоятда ушбу тадбирни юқори савияда ўтказиш учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.  

–   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрдаги "2024-2026 йилларда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги  қарорида мазкур кўргазмани ўтказиш юзасидан вилоят ҳокимлигига ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилган, – дейди Хоразм вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Саидов. – Хива шаҳридаги “Фаровон”  меҳмонхонасида ўтказилиши режалаштирилган халқаро тадбирнинг бугунги кунда барча тайёргарлик ишлари якунига етмоқда. Халқаро даражадаги меҳмонлар ва ҳунармандларга таклифномалар жўнатилган. Республикамизнинг барча ҳудудларидан эса гиламдўз ҳунармандлар, соҳа мутахассислари, олимлар, тадбиркорлар ҳам таклиф этилган. Ўйлайманки, “Гиламлар жилоси” халқаро кўргазмаси мамлакатимизда ҳунармандчилик ва туризмни ривожлантиришда янги имкониятларни тақдим этади.  

Халқаро кўргазма доирасида “Ўзбек гиламдўзлиги: анъана ва инновация” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.  

– Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ амалий санъатини, шу жумладан, тарихий анъаналаримизни ўзида мужассам этган, ота-боболаримиздан қадимий мерос бўлиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ипак ва жундан қўлда гилам тўқиш соҳасини ривожлантириш ва ноёб санъат асари ҳисобланадиган ушбу гиламларни бозор талабларига уйғунлаштиришда ушбу халқаро илмий амалий конференциянинг ўрни жуда катта бўлади, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Хива шаҳар бўлими бошлиғи Руслан Қаландаров. – Хива шаҳрида бугунги кунда 300 дан ортиқ ҳунармандлар фаолият олиб боришмоқда. Гиламдўзларимиз ушбу кўргазмада намойиш этиш учун энг сара гиламларини, санъат даражасида тайёрланган қўл ишланмаларини тўплаб қўйишган.  

Маълумки, гиламларнинг қиммати вақт ўтган сайин ортиб боради. Айниқса, Хоразм гиламлари тарих ва маданиятни ўзида жамлагани учун ҳам ўзгача жилоланади.  

[gallery-25541]

– Хива гиламларининг жилоси ўзгача, – дейди италиялик сайёҳ Маттео Бонелло. –  Уйимда турли давлатлардан сотиб олинган гиламлар кўп. Бироқ “Ичан қалъа”дан харид қилганим энг чиройлиси бўлса керак. Бу ердаги гиламларда қадимий безаклардан ташқари қадимий аждодлардан бизга жўнатилган нома ҳам битилган бўлиши мумкин. Бироқ бу битикларни очиқлаш учун илмий ёндашув, тарихни ва маданиятни билиш, санъатни, қадриятларни, анъаналар ва маданиятни  англаш лозим бўлади. Ҳунармандларнинг қўл меҳнатини кўрган киши бу гиламларнинг нархи аслида бебаҳо эканлигини тушуниб етади.  

“Гиламлар жилоси” халқаро кўргазмаси доирасида савдо-сотиқ, инвестиция ва қўшма ҳамкорлик лойиҳалари бўйича бир қатор шартнома ва битимлар имзоналиши ҳам кутилмоқда.  

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари