Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразм балиқ етиштириш бўйича мамлакатда биринчи
08:45 / 2025-02-15

2024 йилда Хоразм вилояти балиқчилари республикамиз бўйича энг кўп балиқ етиштиришди. Вилоятда йил давомида 32,9 минг тонна балиқ овланган. Бу кўрсаткич республика бўйича энг юқори бўлиб, жами овланган балиқларнинг 17,2 фоизини ташкил этади.

Статистик маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2024 йилда 191,4 минг тонна балиқ овланган. Республикамиз бўйича ҳудудлар бўйича йил давомида овланган балиқ ҳажмига қаралса, Хоразм вилояти балиқчилари  етакчилик қилмоқда. Шунингдек, ўтган йили Андижонда 21,7 минг тонна, Тошкент вилоятида 19 минг 100 тонна балиқ етиштирилган.  

Хоразмда кейинги йилларда аҳолининг балиқ маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондириш, тармоқда янги технологияларни жорий этиш, мазкур соҳада фаолият юритаётган хўжаликлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, балиқчилик йўналишида фаолият олиб бораётган хўжаликлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Бу кейинги уч йилда балиқ етиштириш ҳажмини уч баробарга оширди. Таҳлилларга кўра, вилоятда 2017 йилда 9 минг 401 тонна балиқ етиштирилган бўлса, бугунга келиб бу кўрсатгич 3,2 бараварга ошган. Овланган балиқлар хўжалик тоифалари бўйича таҳлил қилинганда, умумий ҳажмдан 71,8 фоизи  фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келгани кузатилган.

–  Вилоятимизда мингга яқин балиқ етиштирувчи фермер хўжаликлари бўлиб, улар ихтиёрида 12 минг 239 гектар сунъий сув ҳавзалари мавжуд, – дейди Хоразм “Балиқсаноат” уюшмаси раҳбари Дилмурод Оллаберганов. – Шунингдек, 5 минг 240 гектар табий кўлларда ҳам балиқ боқилмоқда. – Вилоятимизда балиқчиликка  ихтисослашган  кластерлар томонидан бугунги кунда мавжуд сув ҳавзаларини интенсивлаштириш ва янги интенсив технологияларни жорий этиш,  балиқлар учун юқори сифатли омухта ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш, балиқ ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, инкубация цехлари ва репродуктор ҳавзалар барпо этиш орқали балиқ чавоқлари етиштириш ҳажмини ошириш каби йўналишларда ишлар ташкил этилмоқда.  

Кейинги йилларда вилоятда, айниқса, интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 13 январдаги “Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётир.  

Интенсив усулнинг муҳим йўналишларидан бири қафас усулида балиқ етиштириш бўлиб, турли ўлчамдаги қафаслар сув ҳавзаларига ўрнатилиб, балиқ етиштириш ишлари ташкил этилмоқда.

Хусусан, вилоятдаги “Бакра аква теч” МЧЖ томонидан 34 та океаник қафас мосламаларида балиқ етиштириш йўлга қўйилди.  

[gallery-21758]

Туманлар  миқёсида олиб қаралганда 2024 йилда ҳам вилоятдаги энг кўп балиқ Янгиариқ туманида етиштирилган бўлиб, 9 минг 799 тоннани ташкил қилди. Шунингдек, Хива тумани ҳам бу борада етакчилик қилиб, ушбу туманда ўтган йили 6 минг тоннага яқин ҳалол луқма етиштирилган.  

–  Икки минг гектарга яқин сув ҳавзасида балиқ етиштирмоқдамиз, – дейди “Хоразм балиқ кластер” МЧЖ балиқшуноси Давлатназар Қаландаров. –Ўтган йили етти минг тоннага яқин маҳсулот олдик.  Бир минг уч юз гектардан ортиқ ҳавзамизда товар, 500 гектарга яқин жойда чавоқ балиқ  маҳсулотларини етиштирдик. 50 гектарда она балиқлар билан  наслчилик ишларини олиб борамиз. Ўзимизда инкубация цехимиз мавжуд. Бу ерда йилига 70-80 миллион дона балиқ личенкаси ишлаб чиқарилиб, ярми ўзимизда балиқ етиштириш учун олиб қолинади. Қолгани қўшни фермер хўжаликларига ўстириш учун берилади. Ҳозирги кунда карп ва сазан балиқларини бир килограмм, оқ дўнгпешона, чипор дўнгпешона  амур балиқларини 1,5-2 килограмм  атрофидаги вазнгача ўстирамиз.  

Ҳудудда балиқ озуқасини мустаҳкамлаш мақсадида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 минг тонна бўлган омухта ем ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилмоқда. Бу лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади.

Жорий йилда ҳам бу йўналишдаги ишларни самарали амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, зарур ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида вилоят аҳолиси нисбатан арзон ҳамда сифатли балиқ маҳсулоти билан таъминланади.

Интенсив усулнинг муҳим йўналишларидан бири қафас усулида балиқ етиштириш бўлиб, вилоятда турли ўлчамдаги қафаслар сув ҳавзаларига ўрнатилиб, балиқ етиштириш ишлари ташкил этилмоқда. Хусусан, “Бакра аква теч” МЧЖ томонидан 34 та океаник қафас мосламаларида балиқ етиштириш йўлга қўйилди.  

Тадбиркор Баҳром Атабоев Қўшкўпир туманидаги  100 гектарлик дала майдонида балиқчилик фаолияти билан шуғулланиб келади. Аҳамиятлиси, унинг соҳадаги узоқ йиллик тажрибаси балиқнинг осётр турини Хоразм иқлим шароитида парваришлашга имкон берди.

–  Осётрни парваришлашда интенсив усулда балиқ етиштириш технологияси ўз самарасини бермоқда, – дейди “Уммон балиқ” фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Атабоев. – Совуқ ҳарорат ва совуқ сувда ўзига хос парваришлаш талаб қилинади.  Яъни балиқни парваришлашда сувга меъёрида қислород юбориш, озуқасини ўз вақтида меъёрида бериш керак.  Бу жараён ишчи кучи талаб қилмасдан замонавий технология ёрдамида амалга оширилмоқда.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, йилига 80 тонна балиқ кўпайтиришга йўналтирилади. Натижада хўжаликнинг йиллик савдо айланмаси ҳажми 15 миллиард сўмни ташкил этади. Бунда ишнинг кўзини биладиган тадбиркор йилига 1 тонна қора икра, 50 тонна осётр балиғини етиштиришни мақсад қилган. Бу эса ўз навбатида хориждан олиб келинадиган бу турдаги маҳсулот маҳаллийлаштирилиб, ички бозорга ҳамёнбоп нархларда йўналтирилишига хизмат қилади.  

Мухтасар айтганда,  балиқ саломатлик учун  энг зарур маҳсулот сифатида тан олинади. Хоразмда  бу борада олиб борилаётган лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ва фуқароларнинг бандлигини таъминлашга  эришилмоқда.  

Аҳмаджон Шокиров,  

Беҳзод Саидов (сурат),  

ЎзА мухбирлари