Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ХОҚ Спортчилар комиссияси раиси ким бўлади?
11:02 / 2021-08-06

ХОҚ Спортчилар комиссиясига аъзолар сайланди.

Энди комиссия раиси ва унинг ўринбосарлари номини эълон қилиш қолди, дея хабар тарқатмоқда Insidethegames сайти.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 20 июль куни Токиода XXXII ёзги олимпия ўйинлари бошланиши олдидан ўтказилган Халқаро олимпия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида ХОҚнинг Спортчилар комиссиясида бўшаб қолган 4 та ўринга вакилларни сайлаш учун 30 нафар номзод кўрсатилганди. Номзодлар орасида ўзбек спортининг афсонаси Оксана Чусовитина ҳам бор эди.

Сайт хабарида келтирилишича, номзодларни танлашда олимпия оиласига аъзо давлатлар ва ХОҚ ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди ва 4 нафар номзодга овоз берди.  

Якуний натижаларга кўра, испаниялик Пау Гасол (баскетбол), италиялик Федерика Пеллегрини (сузиш), япониялик Юки Ота (қиличбозлик) ва польшалик Майя Мартина Влошовска (вилоспорт) ХОҚ Спортчилар комиссиясининг янги аъзолари сифатида сайланди.

ХОҚ Спортчилар комиссияси раислиги учун россиялик енгил атлетикачи, икки карра олимпия ўйинлари ғолибаси Елена Исинбаева ва шайбали хоккей бўйича собиқ спортчи, финляндиялик Эмма Терхо кураш олиб боради. Шунингдек, Жанубий Корея вакили Рю Сеунг Мин (стол тенниси) раис ўринбосарлиги учун сайловда қатнашмоқда. Комиссия раиси ва раис ўринбосарлигига номзод бўлганларга овоз бериш 8 августда бўлиб ўтади.

ХОҚ раҳбари Томас Бахнинг фикрига кўра, Спортчилар комиссияси раиси ўринбосарлигига яна бир номзод бор. Унинг номи овоз бериш куни ХОҚ комиссияси томонидан эълон қилинади.  

Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача ХОҚ Спортчилар комиссиясига сузиш бўйича икки карра олимпия чемпиони, зимбабвелик Кирсти Ковентри хоним раҳбарлик қилиб келган эди.

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА