Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хонжиза кон бошқармаси 10 ёшда
18:22 / 2021-06-04

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан “Хонжиза кони — юртимиз равнақи йўлида” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Комбинат ва Хонжиза кон бошқармаси масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда комбинатга қарашли ушбу кон бошқармасининг фаолияти ва ўтган даврда эришган натижалар, келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди.

Сурхон воҳасида жойлашган Хонжиза кон бошқармаси бундан 10 йил аввал, аниқроғи, 2011 йилнинг 6 май куни “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ таркибида фаолият бошлаган.

— “Олмалиқ КМК” АЖнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида Хонжиза ва Уч-қулоч полиметалл рудалари минерал-хомашё базасидан самарали ва комплекс фойдаланишни таъминлаш борасида бундан 10 йил аввал зарур чоралар кўрилган, — деди Хонжиза кон бошқармаси директори Ботир Хўжамуродов. 

— “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан йилига 650 минг тонна руда ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлган Хонжиза полиметалл рудалари захираси асосида бойитиш фабрикаси қурилиб, саноат ишлаб чиқаришни ташкил этиш бошланди. Бевосита кон тарихига назар ташлайдиган бўлсак, коннинг полиметалл рудаларини ўрганиш борасида кўплаб тадқиқотлар ўтказилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, 1970-2002 йиллар давомида бир қатор институтлар томонидан бойитиш ва бойитиш технологиясини ишлаб чиқиш учун маъданларни тадқиқ қилиш амалга оширилди. 

Унинг умумий захиралари 1,5 миллион тонна рух, 700 минг тонна қўрғошин, 180 минг тонна мис ва 2,3 минг тонна кумушни ташкил этиши аниқланган. 2006 йилнинг август ойида ушбу полиметалл конини тадқиқ қилиш ҳуқуқи “Олмалиқ КМК” АЖга топширилган. 2007 йилнинг иккинчи ярмида комбинат томонидан конни ўзлаштириш ишлари бошлаб юборилди. 

Ўтган қисқа вақт мобайнида дастлаб кон бошқармасига хизмат қилувчи автомобиль транспорт бошқармасининг 5-автокорхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Шундан сўнг бойитиш фабрикаси қад ростлади. Ҳозирги кунда Хонжиза кон бошқармаси Хонжиза шахтаси, бойитиш фабрикаси, таъмир-қурилиш участкаси, моддий-техник база каби таркибий бўлинмаларга эга.

Ушбу кон бошқармасининг Хонжиза шахтасида руда қазиб олиш йиллик лойиҳа қуввати 650 минг тонна, бойитиш фабрикасининг ишлаб чиқариш қуввати соатига 82,07 тонна, 1 кунлик қуввати эса 1850 тоннани ташкил этади. Мазкур бойитиш фабрикасида технологик жараён комбинатнинг бошқа бойитиш фабрикаларига нисбатан бирмунча мураккаб. 

Сабаби, бу ерда бир неча металларнинг концентратлари олинади. Полиметалл рудаларни қайта ишлаш, ажратиб олиш технологияси тубдан фарқ қилади. Фабрикада йилдан-йилга рудани қайта ишлаш ҳажми ортиб бормоқда. Хусусан, фабрика меҳнат жамоасининг саъй-ҳаракатлари эвазига ойига 50-51 минг тонна полиметалл руда қайта ишланмоқда.

Қайд этилганидек, Хонжиза конида 2021 йилнинг 4 ойи мобайнида 198 минг 70 тонна руда қазиб олинди. 198 минг 735 тонна руда эса қайта ишланиб, бу борадаги режа 100,4 фоизга уддаланди. 74,79 фоиз рух, 54,69 фоиз мис, 57,68 фоиз қўрғошин ажратиб олиниб, 39 минг 161 тонна рух, 7 минг 256 тонна мис ва 14 минг 546 тонна қўрғошин концентратлари тайёрланди.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, кон маҳсулотларини экспорт қилиш жараёни, иш ўринларини кенгайтириш, ходимлар учун яратилаётган қулайлик ва имкониятлар, уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини асраш борасида кўрилаётган чоралар ҳақидаги саволларга батафсил жавоб берилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда “Олмалиқ КМК” АЖ таркибий бўлинмалари орасида ўз ўрнига эга бўлган Хонжиза кон бошқармасида 930 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 149 нафари муҳандис-техник, 61 нафари хотин-қизлардан иборат. Жумладан, шахтада 300 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилади. 

Ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва саломатлиги доимий назоратга олинган. Ходимлар ҳар куни иш бошлашдан аввал тиббий кўрикдан ўтказилади. Улар меҳнат формалари ва озиқ-овқат билан таъминланган. Шунингдек, кон ходимларига бир йилда бир марта саломатлигини тиклаш ва дам олиш мақсадида санаторий ва дам олиш масканларига йўлланмалар тақдим этилиб, унинг 55 фоизи бошқарма томонидан тўлаб берилади.

Хонжиза кон бошқармасининг ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлашдаги ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, ишчи ходимларнинг 80-90 фоизи шу ҳудуд аҳолиси ҳисобланади. Муҳандис-техник ва бошқа тор мутахассис кадрлар “Олмалиқ КМК” АЖдан жалб қилинган.

— Хонжиза кон бошқармаси “Олмалиқ КМК” АЖ таркибий бўлинмалари орасида алоҳида ўрин тутади, – деди комбинат бошқаруви раисининг ходимлар билан ишлаш ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари в.б. Беҳзод Салимов. – Шу боис коннинг фаолияти самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бошқарма таркибидаги мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш борасида муайян чоралар кўрилмоқда, имтиёзлар берилмоқда. 

Жумладан, “Олмалиқ КМК” АЖ тизимидаги ходимларнинг олий таълим олиши учун махсус йўлланмалар бериб борилади. Масалан, 2019 йилда 114 нафар, 2020 йилда 98 нафар ходимга ана шундай йўлланма тақдим этилди. Бунда Хонжиза кон бошқармаси ходимлари ҳиссасига йилига 3-4 тадан йўлланма тўғри келади.

Бундан ташқари, кончилик соҳасида ҳам рақамлаштириш ишлари тизимли амалга ошириб келинаётгани бу борада зарур мутахассислар тайёрлашни тақозо этади. Рақамлаштириш масалаларига оид махсус дастур ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, конларни рақамли бошқариш жараёнида иштирок этадиган мутахассислар ўқитилади, малакаси оширилади, қайта тайёрланади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА