Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хонработ обод гўшага айланди
23:22 / 2023-12-07

Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Хонработ маҳалласида қарийб 2 ойдан ортиқ вақт мобайнида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилди. Натижада маҳалла обод ва кўркам ҳудудга айланди.

Барча қулайликларга эга маҳалла биносининг фойдаланишга топширилиши эса Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 31 йиллигига муносиб совға бўлди.  

Бугунги кунда маҳаллада 707 та оилада 3377 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Ўтган давр мобайнида дастур доирасида 4,4 км йўл асфальтланиб, қарийб 7,8 км узунликдаги йўлга шағал тўкилди ва 900 квадрат метр пиёдалар йўлаги қурилди.

Маҳаллада ёғин-сочинли ва шамолли кунларда электр симлари тортилган таянчларнинг эскирганлиги боис, тез-тез узилишлар юз берар, аҳоли бир неча кун давомида электрсиз қолиб кетар эди. Шу ва бошқа муаммоларни бартараф этиш, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 300 та темир- бетон таянч ўрнатилиб, 13,3 км тармоқ янгиланди, 14 та трансформатор таъмирланиб, 2 таси янгидан қурилди.

Ҳудудда 24,8 км ичимлик суви тармоғи тортилиб, маҳалла аҳолиси тўлиқ  ичимлик  суви  билан  таъминланди.  

– Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг бугунги яшаётган кунидан рози бўлиб, эртанги кунга ишонч билан яшашини таъминлашда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда, – дейди маҳалла раиси Искандар Эгамов. – Дастлаб тасдиқланган “Йўл харита”сига кўра, маҳалладаги кўчаларнинг ҳолати ҳамда инфратузилмасини ўрганиш мақсадида Ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Улар томонидан маҳалламиз ҳудудидаги олтита кўчанинг ҳолати ўрганилди, аҳолимиз хатловдан ўтказилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Биринчи навбатда аҳолининг бандлигини таъминлашга эътибор қаратилди. Натижада 90 нафар фуқаромизнинг бандлигига кўмаклашилди, 18 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди. Тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз 18 нафар фуқарога 406 миллион сўмлик асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари кредит ва субсидия асосида олиб берилди.  

[gallery-14958]

Маҳаллада ўтказилган тиббий кўриклар доирасида 3377 нафар аҳоли қамраб олинди. Уларнинг 124 нафарида турли касалликлар аниқланиб, 24 нафарига вилоят ва туман миқёсида даволаниши учун йўлланмалар ажратилди. 520 нафар беморга бепул дори-дармон тарқатилди. 3 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси тақдим қилинди.  

“Аёллар дафтари” рўйхатидаги 27 нафар хотин-қизга жами 16,2, “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги 9 нафар ёшга жами 55 миллион сўмлик ёрдам берилди.

Дастур доирасида 250 миллион сўм маблағ эвазига маҳалла идораси биноси жорий таъмирланди. 120 миллион сўм маблағ сарфланиб, “Уч авлод маскани” қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, сунъий қопламали мини футбол, стритбол ва варкаут майдончаси бугун ёшлар ихтиёрида. Улар энди ҳар куни мунтазам равишда спорт билан шуғулланиши мумкин.  

Маҳалла гузари очилиш маросимида вилоят ҳокими, кенг жамоатчилик вакиллари ва маҳалла аҳли иштирок этди.  

Тадбирда маҳалла кутубхонасига турли номдаги китоблар жамланмаси топширилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилган спорт мусобақалари ғолиблари ҳамда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этган бир гуруҳ хонработликлар тақдирланди.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири