French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хонқалик тадбиркор Испан эчкилари сутидан маҳсулот ишлаб чиқармоқда
18:45 / 2025-05-31

2025 йилнинг январ -апрель ойлари давомида Хоразм вилоятида барча тоифадаги хўжаликлар томонидан қарийб 300 минг тонна сут ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 34 минг тонна сут маҳсулотлари Хонқа тумани ҳиссасига тўғри келади. Чунки, мазкур туманда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири чоравчилик ҳам анчайин ривожланган.

Ҳудуддаги биргина “Хонқа чорва капитал” кўп тармоқли масъулияти чекланган жамияти ҳам бунга мисол бўла олади. Корхона ўтган йили сут маҳсулотлари ишлаб чиқариб, 8 миллиард соф фойда олган.

Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳамда мазкур соҳанинг қўллаб-қувватланиши туфайли ушбу хўжаликда минг бош наслли қорамол ҳамда Испаниядан келтирилган 300 бошга яқин зотдор эчкилар боқиляпти.

Бугунги кунда 600 бош соғин сигирларнинг ҳар биридан 25 литрдан сут олинмоқда. Сутдан турли хил маҳсулотлар тайёрлашга ихтисослашган цехда эса кунига 10 тонна сутни қайта ишлаш имконияти яратилган.  

–Бугун бу ерда 20 хил маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда, – дейди тадбиркор Фаррухбек Қаландаров. Корхонамизда 214 нафар ишчи- ходимлар фаолият олиб боради. Испаниядан келтирилган эчки сутидан сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш тажрибаси ҳозиргача Хоразм тарихида бўлмаган. Даставвал олиб келинган эчкилар айни дамда ўзидан кўпаймоқда. Ҳозирда барча маҳсулотларимиз фақат ички бозорга чиқарилмоқда. Кейинги йилдан бошлаб Россия давлати билан шартнома қилиб экспортни йўлга қўямиз. Бу ишларнинг барчасини давлатимиз раҳбарининг ёш тадбиркорларга берган имкониятларидан кенг фойдаланиб амалга оширмоқдамиз.  

Гидропоника усулида буғдойни майса ҳолатига келтириб чорвани озиқлантириш жуда яхши самара берар экан. Айниқса, бу соғин сигирлар парвариши учун айни муддао. Шу боис мана бир неча йилдирки, хўжалик томонидан ушбу усул фаол қўлланиляпти.

Бундан ташқари тадбиркор томонидан қадоқланган сув ишлаб чиқариш фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бу цехда иш 2 сменада ташкил этилган. 30 нафар фуқаро, айниқса, ёшлар доимий банд. Соатига 2000 литр бойитилган ичимлик суви турли ўлчамдаги идишларга қадоқланади.  

Эндиликда тадбиркорнинг яна қатор истиқболли режалари бор. 800 минг долларлик 2 та лойиҳани амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар олиб бориляпти. Натижада яна қўшимча ишчи ўринлари, нафақат маҳаллий аҳоли истеъмоли учун, балки экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чигариш кўлами ҳам кенгаяди. Бу ўз навбатида ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса бўлиб қў шилади.

Аҳмаджон Шокиров,  

Беҳзод Саидов(сурат, видео),

ЎзА мухбирлари