French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хонқада янги сиҳатгоҳ иш бошлади
15:12 / 2024-08-25

Хоразм вилоятининг Хонқа туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жаҳон стандартлари талаблари даражасидаги замонавий “Хонқа” санаторийси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Санаторийни барпо этиш ишларига Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 160 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Энг замонавий ва меъморий ҳамда жаҳон андозалари талаблари даражасидаги соғломлаштириш маскани Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги олдидан халқимизга, хусусан, Оролбўйи минтақасида яшовчи юртдошларимизга муносиб байрам туҳфаси бўлди.  

Шу муносабат билан туманнинг сўлим гўшаси, Қирқёп маҳалласида янги сиҳатгоҳнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайберганов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси  кенгаши раиси Қ.Рафиқов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг 1-ўринбосари А.Саидов, Бош вазир ўринбосари З.Маҳкамова, Хоразм вилоят ҳокими Ж.Раҳимов ва бошқа расмийлар, халқимиз ардоғидаги ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият намоёндалари, касаба уюшма фаоллари, меҳнат фахрийлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимда сўзга чиққанлар томонидан бугунги кунда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида инсон манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган эзгу ташаббус ва лойиҳалар, тизимли ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари бошчилигида барпо этилаётган Янги Ўзбекистонда инсон қадри тобора юксалиб бораётгани, барча соҳаларда бирдек амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида оддий одамларнинг манфаатлари, фаровон яшаши, муносиб меҳнат қилиши, мазмунли ҳордиқ чиқариши, умрини кўп яхшиликлар билан зийнатлаши бош мақсад қилиб олингани эътироф этилди.  

Бугунги кунда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 30 дан ортиқ санаторий фаолият кўрсатмоқда. Эндиликда ана шундай масканлар сони яна биттага кўпайди.

– Бугун Янги Ўзбекистон том маънода янгиланиш ва ўзгаришлар юртига айланди, – дейди Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг барчаси инсон қадрини улуғлаш ва халқ турмуши фаровонлигини оширишга қаратилган. Мазкур жараёнлардаги хайрли ва эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида кўп миллионли аъзога эга бўлган Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳам меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда янги сиҳатгоҳлар барпо этиш, тизимдаги санаторийларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, уларнинг қабул қуввати ва хизматлар сифатини ошириш, бу орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари сифатини юксалтиришда ислоҳотларга қўл урилмоқда. Бу ерда инсонлар нафақат жисмоний балки маънан ҳам дам олади.

Тантанали тадбирда “Хонқа” санаторийси директорига янги сиҳатгоҳнинг рамзий калити, шунингдек, санаторий учун автомашина топширилди. Шундан сўнг тадбир иштирокчилари янги замонавий “Хонқа” санаторийсида меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Замонавий архитектура ютуқлари асосида барпо этилган ва бальнеологик курорт ҳисобланган мазкур “Хонқа” санаторийсида дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаш учун ташриф буюрган даволанувчиларга барча зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Янги сиҳатгоҳ жойлашган ҳудуди, иқлими, табиатининг шифобахш хусусиятига кўра асаб, юрак, қон-томир тизими, гинекологик, таянч-ҳаракат тизими касалликларини даволашга ихтисослашган.

Умумий майдони қарийб 3 гектар бўлган санаторийга 5,7 километр олисдаги масофадан махсус қувурлар орқали табиий газ тармоғи, 5 километр масофадан захира электр тармоғи тортиб келинди. Шунингдек, оқава ва чиқинди сувларни тозаловчи иншоот қурилди. Сиҳатгоҳ ҳудудида 56 даражали, шифобахш йод-бромли, хлорид-натрийли, иссиқ азот ва енгил ишқорли туздан иборат маъданли сув 795 метр чуқурликдан чиқарилмоқда.  

Янги қуриб битказилган 200 ўринли санаторий Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташхислаш ва даволаш, саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, юқори сифатли қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан жиҳозланган.  

– Дам олувчилар учун бу ерда физиотерапия ва сув билан даволаш бўлимлари, шифобахш туз ғори, лаборатория, жисмоний тарбия, балчиқ ва парафин билан даволаш, ёпиқ сузиш ҳавзаси ва сауна, гадроаэроионизация, минерал сув билан даволаш ванналари, ичак, ўт қопи ва ошқозон ювиш хоналари фаолияти йўлга қўйилган, –  дейди сиҳатгоҳ бош шифокори Шуҳрат Собиров. – Шунингдек, замонавий холл, маданият саройи ва кутубхона, люкс ва стандарт ётоқхоналар, даволаш мажмуаси, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун қулайликларга эга хоналар, тантаналар зали, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланадиган 200 ўринли ошхона дам олувчиларга хизмат кўрсатади. Тўрт қаватли санаторийнинг 1-қавати қабул ва бошқарув бўлими, УВЧ, ЭКГ, муолажа ва ётоқ хоналари, сув билан даволаш бўлими, ошхонани ўз ичига олган. 2- ва 3-қаватларда барча қулайликларга эга бўлган стандарт ва люкс ётоқхоналар, Физиотерапия бўлими жойлашган.  

“Хонқа” санаторийсининг яна бир жиҳати шундаки, ҳудудидан қазиб чиқарилган 56 даражали, иссиқ термал, шифобахш йод-бромли, хлорид-натрийли, иссиқ азот ва енгил ишқорли туздан иборат маъданли сув таркиби жиҳатидан Грузиядаги “Лугела”, Украинадаги “Трускавец-Нафстуся” сувлари билан тенг шифобахш хусусиятларга эга эканлиги билан ажралиб туради.  

– Мен сиҳатгоҳ ҳудуди билан танишар эканман, бу ерда катта кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, боғ ва гулзорлар барпо этилганлигининг гувоҳи бўлдим, – дейди хонқалик меҳнат фахрийси Кенжабой Ортиқов. – Ҳатто санаторий атрофидаги бебаҳо табиат неъматлари ҳам дам олувчиларга хуш кайфият бағишлаб, саломатликларини мустаҳкамлашда муҳим табиий омил ҳисобланади. Кўп йиллардан буён мана шундай “табиат инъоми”дан фойдаланмай келаётган эдик. “Хонқа” санаторийсининг ишга тутиши  Президентимизнинг хоразмликларга байрамолди туҳфаси деб биламан.  

Сиҳатгоҳда ҳар йили 7000 нафарга яқин аҳоли саломатлигини тиклаши мумкин. Даволанувчиларга мамлакатимизнинг етакчи санаторийларида амалиёт ўтаб, муҳим тажриба ва кўникмаларга эга бўлган 115 нафарга яқин малакали тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатади.  

Кўп йиллар давомида турли соҳаларда меҳнат қилиб, бугунги кунда эл-юрт ва фарзанд, набиралар ардоғида кексалик гаштини сураётган, қорақалпоғистонлик ва хоразмлик 50 нафар оқсоқоллар, отахон, онахонлар  “Хонқа” санаторийсининг илк дам олувчилари бўлди.

– Шовот туманининг Туркманистон билан чегарадош ҳудуди, “Моноқ” овулидан келдим, – дейди 73 ёшли Амина Абдуллаева. – Инсон қадри улуғланиши давлат сиёсати даражасига кўтарилган, кексаю ёш эъзоз топаётган Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайрли ва савобли ишларга ҳамоҳанг равишда қад кўтарган сиҳатгоҳ жуда шинам ва озода, шифокорлари меҳрибон экан. Бизга кўрсатилаётган бу каби юксак эътибор ва эъзоз учун Президентимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Бугунги дориламон кунлар учун шукроналар айтиб, дуо қиламиз.  

[gallery-18904]

Замонавий “Хонқа” санаторийси мамлакатимиз меҳнаткашлари ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга ички туризм ва тиббиёт туризмини ривожлантиришга, шунингдек, воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига  ҳам салмоқли ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат),

ЎзА мухбирлари.