Андижон вилоятининг сўлим Хонобод шаҳрида “ETNO STRONGMAN GAMES” – Баҳодирлар ўйини бўйича жаҳон кубоги ва тош кўтариш бўйича жаҳон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтди.
Бир неча кун давомида Хонобод шаҳри байрам оғушида бўлди. Юртимизнинг туризм масканларидан бирига айланаётган ушбу шаҳар тарихий мусобақага мезбонлик қилди, бу ерга жаҳон паҳлавонлари жам бўлди.
Президентимиз аввалги йилларда Андижон вилоятига ташрифи доирасида Хонобод шаҳрини ривожлантириш юзасидан фикр билдириб, “Хонобод яқин йилларгача ҳам республикамизнинг энг гўзал масканларидан бири эди. Энди у ўзининг аввалги шуҳратини қайтариши лозим” деб шаҳарни Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш таклифини илгари сурган, бу борада қилиниши зарур ишларни белгилаб берган эди.
Кейинги йилларда Президентимиз таклиф ва топшириқлари асосида Хонободда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шаҳар марказидаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи бутунлай янгича қиёфа касб этди. Шаҳарнинг энг юқори нуқтаси – Хонтоғда янги чархпалак ўрнатилди, бир километрли осма йўл замонавийсига алмаштирилди, республика аҳамиятига эга “Хонобод” сиҳатгоҳи ишга туширилди.
Хонободдаги “Ўтов” дам олиш маскани ўзбек-қирғиз дўстлиги рамзига айланиб улгурди. Бундан ташқари, “Фозилмон ота” зиёратгоҳида сайёҳ ва зиёратчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилди, минглаб дам олиш ва меҳмон уйлари барпо этилди.
Айниқса, шаҳар мусаффо ва сўлим табиати, кўчаларининг озодалиги, ўзига хос қиёфаси, ландшафт дизайни билан ҳар қандай кишининг эътиборини тортадиган кўринишга келди.
Хонобод шаҳри бир неча миллион тубдан зиёд манзарали дарахтлари билан ҳам ажралиб туради. Кентнинг ноёб “яшил либоси”ни ташкил этувчи кўчат турлари орасида арча, павлония, кипарис, магнолия, сирень, сумах, қрим қайрағочи, тянь-шань арчаси, эман, оқ қайин каби кўплаб турдаги дарахтлар мавжуд.
Ҳозирда Кампирравот маҳалласида 66 гектар майдонда сунъий кўл, дам олиш ва кўнгилочар масканлар, шунингдек, оилавий меҳмон уйи, экотуристик масканлар барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ана шу ишлар амалга оширилиши билан келгусида Хонободда йилига 1,8 миллион нафар сайёҳнинг дам олиши учун имкониятлар яратилади.
Шаҳарга маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиш мақсадида турли йирик тадбирларнинг ўтказилаётганлиги ҳам эътиборга молик. Масалан, Президентимиз ташаббуси билан “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада фестивали анъанавий тарзда ўтказилиши йўлга қўйилди.
Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, халқаро “Etno strongmen games” (ESG) федерацияси, Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган Баҳодирлар ўйинлари бўйича жаҳон кубоги ва тош кўтариш бўйича жаҳон чемпионати ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
– Ушбу йирик мусобақанинг ўтказилиши нафақат Хонобод, балки юртимиз нуфузини юксалтиришга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси раиси Валитдин Нажмиддинов. – Хонободда ўтказилаётган мусобақаларда юртимиз, шунингдек, АҚШ, Испания, Миср, Туркия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон сингари дунёнинг 20 яқин давлатларидан ташриф буюрган 400 нафардан зиёд полвонлар белгиланган шартлар бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Айниқса, Баҳодирлар ўйини мусобақасининг 95 килограммгача ва 110 килограммдан юқори вазнли иштирокчилари ўртасидаги беллашувлар жуда қизиқарли ўтди.
Полвонлар 120 килограммли тошларни 40 метр масофага кўтариш, юклар солинган аравани, шунингдек, 400 килограмм оғирликдаги махсус жиҳозни 20 метр масофага олиб бориш сингари қатор мураккаб машқларни тез ва белгиланган шартлар асосида бажариш бўйича ўз имконият ва маҳоратларини намойиш этди.
Энг оғир, яъни 110 килограммдан оғир вазнли иштирокчилар мусобақасида Америка Қўшма штатлари вакили Ник Ворсен ғолиблик шоҳсупасини эгаллади.
– Ўзбекистонда, Хонобод шаҳрида ўтказилаётган ушбу мусобақада қатнашаётганимдан хурсандман, – дейди мусобақа ғолиби америкалик Ник Ворсен. – Юртингизга илк бор келишим, ташкилотчиларга таклиф учун миннатдорчилик билдираман. Айниқса, Хонободнинг чиройли манзараси менда илиқ таассуротлар қолдирди.
Мен аввал америкача футбол ўйнаганман, бир неча йилдан буён этноспорт билан шуғулланиб келаман. Чунки ушбу спортни инсон саломатлиги учун муҳим деб биламан. Мусобақа давомида ўзбекистонлик спортчилар билан яқиндан танишдим, юртингиз, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги менга ёқди. Агар яна мана шундай мусобақа ташкил этилса, албатта қатнашаман.
[gallery-23077]
Мусобақанинг ушбу вазн тоифасида испаниялик Херлуга Арденги, юртдошимиз Дилмурод Курбонов, мисрлик Аҳмад Алмузи сингари қатор спортчилар совриндорлар қаторидан жой олди.
• Этноспорт билан тўрт йилдан буён шуғулланаман, - дейди испаниялик Херлуга Арденги. – Ўзбекистонга биринчи бор келишим, юртингизнинг, хусусан, Хонобод шаҳрининг гўзал манзаралари, айниқса, халқингизнинг самимий ва меҳмондўстлиги менга жуда ёқди.
Мусобақада иштирок этганимдан хурсандман. Менга жуда ҳам ёқди. Учинчи ўринни эгалладим, аммо имкониятим қадар қатнашдим.
Ғолиб ва совриндорлар кубок, тегишли медаль ва турли миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирланди.
Шунингдек, мусобақа доирасида Осиё Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерациясининг таъсис конференцияси ҳам бўлиб ўтди.
Баҳодирлар ўйинлари бўйича қатор Осиё давлатлари вакиллари, спортчилар иштирок этган таъсис конференциясида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Осиё Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерациясининг президенти этиб сайланди.
Таъсис конференциясида федерациянинг вице президенти ва бошқа масъуллари ҳам сайланди.
Баҳодирлар ўйини бўйича Жаҳон кубоги мусобақасининг 95 килограммгача бўлган иштирокчилари ўртасидаги мусобақалар ҳам қизиқарли баҳсларга бой бўлди.
Бешта йўналиш бўйича ўтказилган мусобақаларда юртдошимиз Авазбек Ҳайдаров фахрли учинчи ўринни эгаллади.
– Баҳодирлар ўйини билан беш йилдан буён шуғулланаман, – дейди Авазбек Ҳайдаров. – Ушбу спорт тури бўйича уч карра Ўзбекистон чемпиони ва икка бора Ўзбекистон кубоги соҳибиман. – Шунингдек, Хива шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган “Паҳлавон Маҳмуд” халқаро турнирида ҳам иккинчи ўринни қўлга киритганман. Юртимизнинг сўлим гўшаси Хонобод шаҳрида ўтказилган Жаҳон кубоги мусобақасида фахрли иккинчи ўринни эгалладим.
Насиб этса келгусида бу каби мусобақаларда биринчи ўринни олиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Мусобақалар чиройли ўтди, ташкилотчиларга катта раҳмат.
Шунингдек, тош кўтариш бўйича мусобақалар ҳам юқори савияда, халқаро талаблар асосида бўлиб ўтди. Мусобақа ғолиб ва совриндорлари тегишли медаль ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.
– Хонобод шаҳрида ўтказилган мусобақалар ҳақиқатдан ҳам юқори савияда, халқаро меъёрлар асосида ўтказилди, – дейди қирғизистонлик мураббий Энгиз Токтаназаров. – Мусобақаларда 95 килограммгача вазн тоифасида шогирдим Санжар Мамбетов иштирок эди.
Мана шундай йирик мусобақа ташкилотчиларига раҳмат. Ишонаманки, юртингиз бу каби мусобақаларга ҳали кўп бор мезбонлик қилади. Қардош, жон қўшни сифатида юртингиз эришаётган ютуқлардан, юксалишидан қувонамиз.
Мусобақа иштирокчилари, меҳмонларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик, мусобақанинг ташкилий жиҳатларига юқори баҳо берди, халқимизнинг меҳмондўст ва самимийлиги ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
Бир сўз билан айтганда, Хонободда бўлиб ўтган Баҳодирлар ўйини бўйича жаҳон кубоги ва тош кўтариш бўйича жаҳон чемпионати нафақат туризмни, балки юртимизда этноспортни ривожлантиришга, ёш спортчиларни тарбиялаш, қолаверса, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JVdYiswxjJA" title="Xonobodda jahon pahlavonlari jam bo‘ldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари