Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар юзасидан қатор топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, Андижон вилоятида туризмни ривожлантириш, янги туристик масканлар барпо этиш, янги туризм зоналари, туристик йўналишларни ташкил этиш орқали жорий йилда ҳудудга келаётган хорижий туристлар сонини 15 минг нафарга, маҳаллий сайёҳлар сонини эса 400 минг нафарга етказиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, туристларни жалб этиш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш, туристик масканларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2021 йилда вилоятда 2 та янги меҳмонхона, 3 та хостел фойдаланишга топширилган бўлса, 26 та меҳмон уйи ва 5 та туроператорга лицензиялар берилди. Вилоят бўйича туризм маршрутлари 9 тадан 15 тага кўпайди. Хонобод шаҳрида 1 мингдан ортиқ дала ҳовли ва оилавий меҳмон уйлари қуриб, фойдаланишга топширилди. Натижада, Хонободга ташриф буюрган сайёҳлар ҳамда хорижий туристлар сони 20 баробарга ортди.
[gallery-7076]
Жорий йилда туризм соҳасини ривожлантириш, вилоятга келувчи сайёҳ ва меҳмонлар сонининг ортишидан келиб чиқиб, 12 та янги меҳмонхона, 45 та меҳмон уйларини ишга тушириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 12 та янги туроператор фирмалари ташкил этилиб, уларнинг сони 48 тага етказилади, 85 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш орқали хизмат кўрсатиш ҳажми 1,5 баробарга оширилади.
Андижон шаҳрида "Метар рич" масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий лойиҳа қиймати 6 миллион АҚШ долларига тенг бўлган беш юлдузли, 200 ўринли замонавий меҳмонхона барпо этилмоқда.
Айниқса, Хонобод шаҳрида туризмни ривожлантириш, Хонободни Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Лайф Хонобод” инвестиция ва туристик лойиҳаси доирасида 1-босқичда "Вотер Лайф Минерал" масъулияти чекланган жамияти томонидан қадоқланган минерал сув ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Умумий қиймати 20,7 миллион долларга тенг мазкур лойиҳа ишга туширилиши билан 200 та янги иш ўрни яратилади.
Айни пайтда Хонобод шаҳридаги “Фозилмон ота” зиёратгоҳида сайёҳ ва зиёратчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бундан ташқари, Кампирравот маҳалласида бўш турган 66 гектар майдонда умумий қиймати 35 миллион долларга тенг лойиҳа доирасида “Сунъий кўл”, дам олиш ва кўнгилочар масканлар, шунингдек, оилавий меҳмон уй, экотуристик масканлар барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ана шу ишлар амалга оширилиши билан келгусида Хонободда йилига 1,8 миллион нафар сайёҳнинг дам олиши учун имкониятлар яратилади.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА