Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хонободда наврўз шодиёналари
11:50 / 2023-03-21

Хонобод шаҳрида “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида андижонликлар Наврўз байрамини катта шодиёна билан нишонлади.

Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари, Деҳқон бобо, Наврўзой ва миллий либосдаги жарчилар барчани Наврўзи олам билан муборакбод этиб, байрам шодиёналарига чорлади.

Хонобод шаҳрининг маданият ва истирохат боғи, Хонтоғ адирликларида вилоятнинг ҳар бир туман, шаҳар, бошқарма, корхона ва ташкилотлари, муассаса ва маҳаллалари томонидан ўзига хос майдон ва сахналар тайёрланиб, байрамона, баҳорий тарзда безатилди. 

Кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, юртимизнинг турли вилоятларидан келган меҳмонлар, сайёҳлар иштирок этган байрам сайли барчага хуш кайфият улашди. 

Байрам тадбирини Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов  табрик сўзи билан очди. Барчани халқимизнинг қадим ва навқирон байрами – Нарўзи олам билан муборакбод этди. 

-  Она Ватанни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий байрамидир, - деди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Асрлар давомида эл-юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди. Шунинг учун ҳам ушбу қутлуғ айёмни ҳар бир хонадон, ҳар бир оила энг катта орзу-ниятлар билан кутиб олмоқда.

Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, театр жамоалари, турли ансамбллар, дорбозлар, аскиячилар, спортчилар, жажжи болажонларнинг чиқишлари байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.

Хонтоғ тоғи этагида жойлашган сўлим Хонобод шаҳрида ўтказилган бу йилги Наврўз байрами халқ сайли тарзида янада шукуҳли, миллий қадриятларимиз акс этган ҳолда ўтказилмоқда. Халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналари, шўх қўшиқ ва лапарлар баҳорни, Наврўзни соғинган дилларга хушнудлик бахш этди.

Денгиз сатхидан 750-800 метр баландликда, Қорадарёнинг ўнг соҳилида жойлашган Хонобод шаҳри ўзининг кўркам манзараси, табиатининг гўзаллиги, тоза ҳавоси билан сайёҳларнинг диққатини ўзига жалб қила оладиган юртимизнинг энг обод ҳудудларидан биридир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига аввалги йиллардаги ташрифи давомида ички туризмни ривожлантириш, хусусан, Хонобод шаҳрини Фарғона водийсининг  туризм марказига айлантириш таклифини илгари суриб, бу борада қилиниши зарур ишлар юзасидан вазифалар белгилаб берган эди. 

– Давлатимиз раҳбарининг топшириқ ва ташаббуслари бугун ҳаётда ўз ифодасини топмоқда, – дейди Хонобод шаҳар ҳокими Машъалбек Тожибоев – Ўтган давр мобайнида шаҳарда улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.  Жумладан, “Хонобод” сиҳатгоҳи ишга тушди. Шаҳарнинг энг юқори нуқтаси – Хонтоғда янги чархпалак ўрнатилди, бир километрлик осма йўл (канатный дорога) реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди. Шунингдек, 3 минг нафар сайёҳга мўлжалланган 1 мингдан ортиқ дам олиш уйлари, қатор меҳмонхоналар, савдо, хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш иншоотлари барпо этилди. “Фозилмон ота” зиёратгоҳида сайёҳ ва зиёратчиларнинг кўнгилли хордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи капитал таъмирланди, янги-янги аттракционлар ўрнатилди, турли кўнгилочар ва дам олиш объектлари қурилди.

[gallery-11077]

Умуман, шаҳарда йилига 500 минг киши ҳордиқ чиқариши учун турли кўнгилочар ва дам олиш масканларини барпо этиш бўйича ишлар кетмоқда. Бундан ташқари, Кампирравот маҳалласида бўш турган 66 гектар майдонда «Сунъий кўл», дам олиш ва кўнгилочар масканлар, шунингдек, оилавий меҳмон уй, экотуристик масканлари барпо этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Наврўз сайли тадбирлари, сахналарда намойиш этилган бадиий дастурлар, дорбозларнинг чиқишлари иштирокчилар, айниқса, ёшларга кўтаринкилик ва хуш кайфият улашди.

– Тобора юксалиб, обод бўлиб бораётган юртимизга фақат байрамлар ярашади, – дейди Марҳамат туманидаги Оқбош маҳалласида яшовчи, “Дўстлик” ордени соҳибаси Ойнагул Рисқулова. – Бугунги байрамга бутун маҳалладошларимиз билан келдик. Қизиқчи ва санъаткорларнинг чиқишларидан мириқиб дам олдик. Тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.

Наврўз сайли тадбирларида вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари, ижро этилган шўх куй ва қўшиқлар тадбир меҳмонларини бефарқ қолдирмади. 

Туман ва шаҳарлар маҳаллалари жамоалари томонидан намойиш этилган миллий ва баҳорий таомлар кўргазмалари, дошқозонларда тайёрланган сумалак, палов юртимиздаги тўкинлик, файзу бараканинг нишонаси бўлди. Маҳаллалдарда ташкил этилган фольклор жамоалар, онахонлар томонидан ижро этилган ёр-ёр ва лапарларни меҳмонлар олқишлар билан кутиб олди.

Маҳалламиздаги олти юзга яқин оила таркибида 4 минг нафар аҳоли яшайди, - дейди Шаҳрихон туманидаги “Андижонлик” маҳалласи Хотин-қизлар фаоли Сарвиноз Давронова. – Маҳалламиз ҳунармандлар маҳалласи, аҳолининг аксарияти ҳунармандчилик ортидан даромад топади. Бугунги байрамда ҳам бир гуруҳ опа-сингилларимиз ўзлари тайёрлаган дўппи, тўн, қийиқ ва миллий либослар билан иштирок этмоқда. Маҳалламизнинг тинчлик-осойишталиги, кўча ва гузарларимиз ободлиги маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлиги, меҳнатсеварлигининг самарасидир. 

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари вакиллари, олий ўқув юртлари томонидан тайёрланган саҳна композициялари, бадиий жамоаларнинг ўзига хос чиқишлари барчада катта таассуроот қолдирди. 

- Жамоаларимиз ўз репертуаридаги миллий, мумтоз куй ва қўшиқлар, жозибадор рақслар  билан сайл иштирокчиларига хушнудлик улашмоқда, - дейди Андижон вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабохон Сатторова. – Очиғи, табиат қўйнида, адирликлар бағрида бўлиб ўтаётган Наврўз сайли чинданда ҳар бир қатнашчи қалбига унутилмас таассуротлар билан муҳрланмоқда. 

Байрам шодиёналарида вилоятда яшаётган қирғиз, рус, корейс, уйғур ва бошқа турли миллат вакиллари ҳам ўз анъана ва урф-одатлари намойиши билан иштирок этди. 

Узоқ йилларда буён бу каби байрам тадбирларида иштирок этиб келаман, - дейди Андижон вилояти Уйғур маданий маркази раҳбари Адолатхон Раҳмонова. – Очиғи, бу йил  Наврўз байрами тадбири халқ сайли тарзида ўзгача ўтмоқда. Бундан барча хурсанд. 

Вилоятимизда яшаётган турли миллат вакиллари ҳам байрамда иштирок этиб, ўзларининг урф-одат ва анъаналарини намойиш этмоқда. Мен ҳам миллатим уйғур бўлса-да, ўзимни шу юрт фарзанди, деб биламан, ўзимни шу юртдан айро тасаввур қила олмайман. Бугун фарзандларим, маҳалладошларим билан Наврўз сайлига ташриф буюрдик. Сайлдаги ёшлар, фарзандларимиз қувончини кўриб, кўнглимиз тоғдай кўтарилди. 

Ҳар бир жамоа, ҳар бир маҳалла томонидан тайёрланган миллий таом – палов, сумалак байрам иштирокчилари ва меҳмонларга улашилди.

Юқори кўтаринкилик билан умумхалқ сайли шаклида ўтган Наврўз шодиёналари андижонликлар руҳияти ва кайфиятини кўтариш билан бирга, уларнинг қалбида шукроналик, меҳр-оқибат, эзгулик, қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлади. 

Наврўз байрами шодиёналари Андижоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида кўтаринкилик билан давом этмоқда.

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат),

ЎзА