Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хонобод шаҳрининг туризм соҳасидаги ўзига хос салоҳияти намойиш этилади
12:12 / 2022-10-20

Давлатимиз раҳбарининг 2022-йил 30-апрелдаги "Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида ички туризмни ривожлантириш доир қатор вазифалар белгиланган эди.

Хусусан, ҳужжатда халқаро экотуризм форумини ўтказиш қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 20–21-октябрь кунлари Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида “Hanabad wellness-resort” 1-Халқаро экотуризм форуми ўтказилади.

Андижон вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказиладиган мазкур форумдан кўзланган мақсад Хонобод шаҳрининг тоза ҳавоси ва табиати ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот беришдан иборат. Шу билан бирга табиатни асраб-авайлаш ва экологияни сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича “Андижон вилояти тажрибаси” билан ўртоқлашиш, Хонобод шаҳрининг туризм соҳасидаги ўзига хос салоҳияти, ривожланиш истиқболлари ва имкониятларини илмий жиҳатдан таҳлил этиш, бу борада соҳа экспертлари фикрлари билан танишиш ва Хонобод шаҳрига сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида таклиф ва режалар ишлаб чиқишдир.

Мазкур форум анъанавий тарзда ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган. Форум халқаро мақомга эга бўлиб, жорий йил унда Болгария, Польша, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, ва Россия сингари 7 та хорижий давлатдан олимлар ва профессорлар, туризм соҳаси экспертлари иштирок этиши кўзда тутиляпти.

 

ЎзА