Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хонобод шаҳри ва Жалақудуқ туманидаги 116 нафар эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам берилди
10:53 / 2021-09-24

Жорий йилнинг апрель ойида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “COVID-19" пандемиясининг Ўзбекистон фуқаролик жамиятига таъсирини камайтириш дастури” ишга туширилди.

 Дастур доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Фарғона вилояти “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини ривожлантириш маркази  ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами иштирокини ошириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа мамлакатимиз ҳукуматига кўмаклашишга қаратилган.  

 Лойиҳанинг асосий мақсади – маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда қишлоқ аҳолисининг эҳтиёжларини баҳолаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш, маҳаллий кичик инфратузилмани тиклаш, яхшилаш бўйича инклюзив ёндашувларни амалга оширишдан иборат.  

 Лойиҳа давомида Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг олис қишлоқ худудларидаги аҳолига ёрдам кўрсатишга кўмаклашиш кўзда тутилган. Бунда 12 та чекка қишлоқ ҳудудидаги 350 та эҳтиёжманд оилага пул маблағи тарқатиш, кичик инфратузилма (ички йўллар, кичик кўприклар, электр симлари ва устунлари, трансформатор, сув насослари ва бошқалар)ни такомиллаштириш, оилавий шифокорлик пунктлари (ОШП) ва қишлоқ врачлик пунктларини (ҚВП) "COVID-19"га қарши махсус тўпламлар билан таъминлаш белгиланган.  

 Бугунги кунга келиб, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт” аҳолини турмуш тарзини ривожлантириш маркази вакиллари республиканинг учта вилоятидан 6 та туман ва 12 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантирди, кичик инфратузилма муаммоларини аниқлади.  

 21 сентябрь куни Жалақудуқ тумани ҳокимлиги биносида, 22 сентябрь куни эса Хонобод шаҳри ҳокимлиги биносида лойиҳа доирасида қилинган ишларнинг тақдимоти ўтказилди. Унда  лойиҳа ташкилотчилари, маҳаллий ҳокимликлар, туман (шаҳар) ишчи гуруҳ вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этди.  

 Қайд этилганидек, жорий йилнинг июнь ойида лойиҳанинг биринчи босқичини амалга ошириш Андижон вилоятида бошланди. Бунинг учун Хонобод шаҳрининг “Истиқлол” ва “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинлари, Жалақудуқ туманининг “Намуна” ва “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинлари  танлаб олинди. Дастлаб ишчи гуруҳ ҳамда МФЙлар фаоллари иштирокида маслаҳат учрашувлари ўтказилди.  

 Учрашувларда ҳар икки ҳудуддаги 70 дан зиёд МФЙлар маълумотлари (эҳтиёжмандлар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисиз қолган кўп болали ёлғиз аёллар, қариялар сони) таҳлил қилинди. Маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар рўйхати тузилди, кичик инфратузилмавий муаммолар аниқлаб олинди. Сўнг, жойига чиқиб ўрганилди. Эҳтиёжмандлар уйларига борилди, улар билан суҳбат қурилди, ички кўча йўллари ҳолати, сув манбалари, электр таъминоти – электр симлари, устунлари, трансформаторлар кўздан кечирилди.  

 Шу билан бирга, ҚВП, ҳамда ОШПнинг шароитлари ўрганилди. Ҳозир уларга тиббий буюмлар ва ускуналар сотиб олиш учун тендер эълон қилинган. Тадбирда 116 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқарога пул маблағлари, пластик картада 3 миллион 779 минг 100 сўмдан тарқатилди.  

 Қайд этиш керак, лойиҳа давомида маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилаларни, инфратузилмага тегишли муаммоларни аниқлаш жараёнида аҳолининг ўзи бевосита иштирок этди. Бунда ечим топилиши керак бўлган масалаларни яққол тасаввур қилиш имкони бўлди. Энг муҳими, жамият ҳаётида, қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг эркин иштироки таъминламоқда. Уларнинг манфаати йўлида қилинаётган ўзгаришларда шунчаки кузатувчи бўлиб қолмаяпти, аксинча, жараёнларда фаол иштирок этиб, турли ташаббус ва таклифларини илгари сурмоқда.  

Нурилло Насриев, ЎзА