Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Хонамда ўтириб фуқаролардан келадиган мурожаатни кутмайман”
19:30 / 2022-12-27

Ҳоким ёрдамчиси фаолиятидан

Қайси соҳада, қай лавозимда бўлмасин меҳнат қилган инсон, албатта камол топади, обрў-эътиборга эришади. Мамлакатимиз маҳаллаларида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолияти ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани “Гулистон” ҚФЙ ҳоким ёрдамчиси Мансур Тошпўлатов фаолияти билан қизиқдик.

– Ваколатимдаги вазифаларимни ўзимга бириктирилган маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, жумладан, аҳолининг бандлик даражаси, оилаларнинг даромад манбалари, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолати ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилишдан бошладим, – дейди Қашқадарё вилояти Ғузор тумани “Гулистон” ҚФЙ ҳоким ёрдамчиси Мансур Тошпўлатов. – Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришнинг ички имкониятлари ҳақида бир қарорга келиш жуда қийин кечди.

Маҳаллада истиқомат қиладиган аҳолининг ўз мақсадлари, режалари борлиги менга ёрдам берди. Авваламбор, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиб чиқдик. Маҳалла раиси, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш режалари ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда “Гулистон” ҚФЙдаги 1 минг 79 та хонадонда 5 минг 826 нафар аҳоли истиқомат қилади.

“Гулистон” ҚФЙ аҳолисининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан, уларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятни йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда кўмаклашилди. Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йил давомида маҳаллада истиқомат қилувчи 293 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди. 113 нафар фуқарога имтиёзли кредитлар олиб берилди. 174 нафар фуқаро ўз-ўзини банд қилди ҳамда 60 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди.

– Халқ орасига кириш ва уларнинг ташвишига шерик бўлиш учун уларнинг дардини ҳис қила олиш лозим. Мен ўз вазифамни қабул қилган кунларимдаёқ дастлабки режаларимни белгилаб олганман. Мен хонамда ўтириб фуқаролардан келадиган мурожаатни кутмайман. Қачонки, фуқаро мурожаатини унинг хонадонига бориб тингласангизгина, ўша мурожаатнинг ечими самарали бўлади, – деди М.Тошпўлатов.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.

ЎзА