Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хонадонларнинг газ таъминоти яхшиланмоқда
15:45 / 2026-01-09

Сирдарё вилоятидаги газ таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш доирасида амалга оширилган ишлар натижасида 52 та маҳалла ва 25 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларининг газ таъминоти яхшиланди.

Маълум қилинишича, вилоят бўйича жами 210 минг 464 нафар истеъмолчи мавжуд бўлиб, шундан 130 минг 704 нафарининг хонадонлари табиий газ билан таъминланган. Жойларда ўтказилган комплекс техник тадбирлар натижасида газ таъминотининг барқарорлиги ва хавфсизлиги оширилди.

Хусусан, 50,4 километр ер ости газ тармоқлари ҳамда 165 та газ тақсимлаш пунктлари реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 163,1 километр газ тармоқлари босим остида  синалди ва тозаланди, 258,5 километр ер ости газ қувурлари махсус приборлар ёрдамида текширувдан ўтказилди. 201,7 километр газ қувурлари тартибга келтирилиб, 3 минг 197 километрдан ортиқ газ қувурлари ҳамда 1 минг 134 та газ тақсимлаш иншооти қайта назоратдан ўтказилди.

Амалга оширилган ишлар давомида 76 та янги зулфин ва 41 та фильтр ўрнатилди. Натижада 126 та газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланиб, жойида бартараф этилди.

Жорий йилнинг январь–июль ойлари давомида 15 минг 758 та ҳовлили уй икки босқичли газ таъминоти тизимига ўтказилди. Бу жараёнда 148 та газ тақсимлаш қурилмаси демонтаж қилиниб, технологик йўқотишлар ҳажми 112 минг куб метрга қисқартирилди. Газ таъминотини самарали бошқариш мақсадида туман ва шаҳарлар 24 та йирик ҳудудга ажратилиб, автоматлаштирилган онлайн мониторинг тизими жорий этилди.

Суюлтирилган газ таъминоти бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда вилоятда 79 минг 760 нафардан ортиқ истеъмолчи суюлтирилган газдан фойдаланади. 2025 йил давомида аҳолига 14 минг 475 тоннадан зиёд суюлтирилган углеводород гази етказиб берилди. Бу хизмат 3 та газ тўлдириш шохобчаси орқали амалга оширилиб, уларнинг ойлик қуввати 1 минг 900 тоннадан ортиқни, газ сақлаш қуввати эса 3 минг 885 тоннани ташкил этади.

Инфратузилмани янада такомиллаштириш мақсадида Оқолтин туманида янги газ тўлдириш пункти ишга туширилиб, Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, маиший газ баллонларини онлайн назорат қилиш тизими босқичма-босқич жорий этилиб, газ баллонлари штрих-кодли стикерлар билан таъминланди, истеъмолчиларга ID-карталар берилди.

“Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали раҳбари Жаҳонгир Хидировнинг таъкидлашича, келгуси даврда газ тармоқларини модернизация қилиш, рақамли назорат тизимларини кенгайтириш, технологик йўқотишларни қисқартириш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан буён 500 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксар қисми ижобий ҳал этилди. Раҳбарият томонидан ўтказилган сайёр қабуллар давомида юзлаб истеъмолчиларнинг мурожаатлари жойида кўриб чиқилди.

Бир сўз билан айтганда, “Ҳудудгаз Сирдарё” томонидан олиб борилаётган ишлар натижасида вилоятда газ таъминоти тизими босқичма-босқич замонавий, хавфсиз ва самарали ҳолатга келтирилмоқда.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири