Аҳолини қайта рўйхатга олиш тараққиёт йўлида муҳим харита вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам бунда ҳар ким фаол бўлмоғи талаб этилади. Қувонарлиси шуки, юртдошларимиз бунинг аҳамиятини яхши англаган ҳолда жараён иштирокчисига айланмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, жами хонадонларнинг 95 фоизида истиқомат қилувчи аҳоли рўйхатга олиш жараёнларида фаол қатнашди.
Айни пайтда иккинчи босқичда рўйхатга олувчилар — маҳалла еттилиги вакиллари томонидан хонадонма-хонадон юриб, саволномалар планшет қурилмалари орқали электрон тизимга киритилмоқда. Ахборот платформасининг барқарор ишлаши таъминланиб, маълумотлар реал вақт режимида қабул қилинмоқда.
Шунингдек, рўйхатга олувчилар фаолияти GPS орқали кузатиб борилаётгани жараённинг очиқ ва шаффоф ташкил этилишига замин яратмоқда. Бу эса ҳар бир хонадонга ҳақиқатан ҳам ташриф буюрилаётганини тасдиқлайди.
Таъкидлаш жоизки, рўйхатга олиш натижалари келгуси йилларда қабул қилинадиган ижтимоий-иқтисодий қарорлар учун асос бўлади.
Хусусан, рўйхатга олиш жараёнида тўпланган маълумотлар:
– маҳалла кесимида аҳоли сони, ёш ва жинс таркибини аниқ белгилашга;
– мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда тиббиёт муассасаларига бўлган реал эҳтиёжни ҳисоблашга;
– йўллар, ичимлик суви, электр таъминоти ва бошқа муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини илмий асосда режалаштириш ва томорқа ерлари, чорвачилик, экин майдонлари ва қишлоқ хўжалиги фаолияти бўйича манзилли давлат дастурларини ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Қисқа қилиб айтганда, эртанги қарорлар бугунги берилаётган аниқ ва ишончли маълумотларга таянади. Шу боис ҳар бир жавоб катта аҳамиятга эга.
Афсуски, айрим ҳолларда рўйхатга олувчилар борганида эшик очилмаслик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу фуқаронинг уйда бўлмаслиги ёки ишончсизлик сабабли юзага келиши мумкин. Унутмаслик лозимки, мазкур жараёнда ҳар бир шахснинг иштирок этиши жуда муҳим.
Агар рўйхатга олувчи келган пайтда эшик очилмаган бўлса, фуқаролардан ўзлари маҳаллага мурожаат қилишлари ёки рўйхатга олувчи билан қайта боғланишлари сўралади. Чунки, ҳар бир фуқаронинг маълумоти нафақат давлат учун, балки ўзи ва оиласи учун ҳам аҳамиятлидир.
Рўйхатга олиш жараёнида саволларга холис ва аниқ жавоб бериш, хонадонда амалда яшаб турган барча шахсларни тўлиқ кўрсатиш, шунингдек мавжуд қишлоқ хўжалиги ер майдонлари, етиштирилаётган маҳсулотлар, чорва ва паррандалар тўғрисидаги маълумотларни яширмасдан тақдим этиш жуда муҳим.
Рўйхатга олувчилар махсус бейжикка эга бўлиб, агар шубҳа туғилса, бейжикдаги QR-код орқали текшириш ёки 1851 қисқа рақами орқали колл-марказга мурожаат қилиш мумкин.
Тақдим этилган барча маълумотлар қатъий махфий сақланиши, фақат статистик мақсадларда қўлланилиши кафолатланади.
Шербек Исломов, ЎзА