Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан 2025 йил 1 январгача ҳар йили етиштириладиган пилла (ҳўл пилла) ҳосилининг 1 кг учун 5 минг сўм миқдорида хонадонларда пилла етиштирувчиларга республика бюджети ҳисобидан субсидия ажратилиши белгиланди.
Шу кунга қадар Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси томонидан 122 миллиард сўм субсидия маблағлари ўз вақтида тадбиркорлар ҳисобига ўтказиб берилган.
Ушбу амалиёт тизимда биринчи бор қўлланилаётганлиги учун унинг қонуний тарзда ишлатилиши, эгаларига ўз вақтида етиб боришини назорат қилиш мақсадида соҳада Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси масъул ходимлари томонидан ишчи гуруҳ тузилди.
Хусусан, ишчи гуруҳ республикамизнинг барча вилоят ҳудудларида субсидия маблағларининг тўғри ишлатилиши юзасидан тафтиш ишларини бошлади. Жумладан, улар Бухоро ва Навоий вилоятларида бўлиб, касаначи ҳамда пиллакорларга ажратилаётган субсидиянинг қонун доирасида амалга оширилишини назорат қилиб, бу борада тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА