Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хонадонимиз янада завққа тўлди
15:19 / 2025-06-23

Юртимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳаётга бўлган ишончини тиклаш, уларни меҳрга тўла, соғлом ижтимоий муҳитда тарбиялаш мақсадида бир қатор тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи Зафар Ғаффоров ва унинг турмуш ўртоғи Мунира Раҳматуллаева ташаббуси билан 1-сонли оилавий болалар уйи ташкил этилди. Ҳозирда ушбу меҳрли уйда 4 нафар бола тарбияланмоқда. Уларнинг 3 нафари қиз бола бўлиб, ҳар бири ўзининг ноёб қизиқиш ва истеъдоди билан ажралиб туради. Яна бир чақалоқ ўғил бола эса бу оила бағрида меҳр билан улғаймоқда. 

– Ўзимизнинг икки нафар фарзандимиз бор. Болаларни асраб олганимиздан сўнг, олти нафар боланинг ота-онаси бўлдик. Бу болаларни кўриб, ҳаётимиз бутунлай ўзгарди. Ҳар бирининг дунёқараши, орзуси бор. Улар билан хондонимиз янада завққа тўлди, – дейди Зафар Ғаффоров.

Ушбу оилада болаларнинг ҳар бири учун алоҳида ётоқ жойи, дарс қилиш учун қулай муҳит, ўйин ва дам олиш шароитлари яратилган. Болалар доимий равишда соғлиқни сақлаш муассасаларида кўрикдан ўтказилади. Психологик ва тарбиявий қўллаб-қувватловга эга.

Оилавий болалар уйи – бу фақатгина яшаш жойи эмас, балки ҳақиқий оила муҳити, болалар меҳр, ғамхўрлик ва ишонч бағрида улғаядиган маскан.

Ижтимоий ҳимоя тизимида ҳаётга татбиқ этилаётган бу каби лойиҳалар нафақат болалар тақдирини ўзгартирмоқда, балки бутун жамиятда меҳр-оқибат, бағрикенглик ва инсонпарварлик қадриятларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.