Осиёнинг ривожланган давлатларидан бири - Жанубий Корея қудратли Хитой билан бир қаторда компьютер техникаси етказиб беришда етакчилар сафида тилга олинади.
Азалдан Ўзбекистон билан Жанубий Корея географик жиҳатдан бир-биридан узоқ, шунга қарамасдан, тинчлик ва тараққиёт йўлида мақсади муштарак давлатлар саналган. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабат илдизи узоқ тарихга тақалади. Жумладан, икки халқ ўртасида Буюк ипак йўли давридан бошлаб ўзаро борди-келди йўлга қўйилган.
Бугунги кунда Корея Республикаси Ўзбекистон Республикаси учун муҳим шерик ҳисобланади. Давлатларимиз ўртасида 1992 йил январь ойида дипломатик алоқа ўрнатилган.

Юртимизда Корея давлати, корейс халқининг ўзига хос санъати, маданияти, урф-одати, тарихи ҳақида маълумот берувчи Корейс маданият маркази, Маданият ва санъат уйи, бир қатор истироҳат боғлари ташкил этилган. Бундан ташқари меҳнатсевар, садоқатли, меҳр-оқибатли корейс халқи ҳаёт тарзи акс этган фильмлар орқали ҳам бу давлат ҳақида кўп маълумотга эгамиз. Мазкур мақола ўқувчининг Жанубий Корея ҳақида тасаввурини янада бойитади, деган умиддамиз.
***
Жанубий Корея дунёдаги энг йирик беш автомобиль ишлаб чиқарувчидан бири, кема қуриш бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради.
Корея ярим оролидаги энг улкан бино - Жанубий Корея Президенти қароргоҳи “Мовий уй” деб аталади.

Корея таэквондо жанг санъати ватани ҳисобланади. Билъакс мамлакатдаги энг машҳур спорт тури - бейсбол. Бу ерда, деярли, ҳаммада бейсбол таёқчаси бор. Оммавийлик бўйича иккинчи ўринда гольф туради. Бу машғулот билан, асосан, ўрта ёшли эркаклар шуғулланади.

Яна бир қизиқ маълумот: кореяликлар қизил рангга ниҳоятда салбий муносабатда бўлишади. Агар бирор кишининг исмини қизил рангда ёзсангиз, яқин келажакда уни бахтсизлик ёки ҳатто, ўлим кутади, дея ишонишади. Бу хурофотнинг сабаби шундаки, илгари қабр тошига марҳумнинг исми қизил рангда битилган.
Таълим ҳар қандай корейс ҳаётида энг муҳим роль ўйнайди. Кореяликлар ҳафтанинг қайси куни бўлишидан қатъи назар, эрта тонгдан кечгача ўқишади ва таътилда қўшимча курсларга боради ёки мустақил илм олиш билан шуғулланади. Мамлакатда таълим сифати жуда юқори бўлган хусусий таълим муассасалари кенг тарқалган. Кореялик ота-оналар ҳар йили фарзандлари таълим олиши учун пулни аямай сарфлашади. Ўқитувчилик - энг нуфузли касб. Хусусий мактабда яхши ўқитувчи йилига бир неча миллион доллар даромад олиши мумкин. Халқ таълими муассасаси ўқитувчисини фақат президентнинг ўзи ишдан бўшатиши мумкин.

Жанубий Корея аҳолисининг қарийб 90 фоизи туғилганидан кўриш билан боғлиқ муаммога дуч келади. Уларнинг аксарияти яқинни яхши кўрмайди, шунинг учун кўзойнак ёки контакт линзаси тақишга мажбур. Бу диёрда инсоннинг моҳияти унинг қон гуруҳи билан чамбарчас боғлиқ, деб ҳисоблашади. Айни кўрсаткичга асосланиб, кўпинча никоҳнинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги ҳақида қарор қабул қилинади.
Жанубий Кореяда янги чақалоқ ёшига тўлиб туғилади. Яъни, бу хронологиянинг махсус тизими билан боғлиқ бўлиб, инсоннинг ёши ҳомиладорлик пайтидан бошлаб ҳисобга олинади. Қизиғи шундаки, ҳар бир янги йил туғилган кундан эмас, балки 1 январдан бошлаб ҳисобланади. Энг кенг тарқалган корейс фамилияси - Ким.
Мамлакат аҳолиси “Жанубий Корея” атамасини ишлатмайди. Шунчаки, “Хон давлати” ёки “Хангук” дейишади.
Корейслар совға улашиш масаласига амалий ёндашишни хуш кўришади. Бу юртда нафақат дўстлар ва қариндошларга, балки бизнес-шерикларга ҳам совға бериш одатий ҳол. Энг кенг тарқалган совға тури - пул. Ота-она мактабни битирган фарзандига тилла узук совға қилади.
Корейслар чиқиндини саралаш масаласига жиддий ёндашади. Чиқинди учун турли рангдаги идишлар мавжуд. Ҳамма жойда махсус контейнерлар бор. Нотўғри ташланган ахлат учун жазоланиш мумкин. Қоидабузарни топиш муаммо эмас, ҳар бир ахлат қутиси ёнида видеокузатув камераси ўрнатилган.
Корея жуда хавфсиз давлат. Қотиллик каби йирик жиноят мисли кўрилмаган ҳолат ҳисобланади ва бундай воқеа маҳаллий янгиликлар дастурида бир неча ҳафта давомида ёритилади.
Ушбу мамлакатга саёҳат қилувчилар учун муҳим янгилик: Кореяга ташриф буюриш учун энг яхши вақт - гилос гуллаган баҳор чоғи ва дарахт барги сарғайган куз фасли. Тоғда сайр қилиш корейсларнинг энг севимли машғулоти.
Корейслар кофени жуда яхши кўради, улар учун тушлик ёки кечки овқатдан кейин бир шинжон қаҳва ичиш шарт. Табиийки, ҳар қадамда қаҳвахона.
Кореяда маҳаллий маҳсулот фаол қўллаб-қувватланади, тиш пастаси, сақич, чип каби кўплаб импорт маҳсулотларини топиб бўлмайди.

Бу давлатда стоматология хизмати жуда қиммат. Шунинг учун корейслар тиш гигиенасига алоҳида эътибор берадилар, овқат ва кофедан кейин, албатта, тиш ювади. Кўпинча ёнида тиш чўткаси олиб юради.
Кореялик аёллар териси ва сочига жуда ғамхўр, ақл бовар қилмайдиган миқдорда упа-элик маҳсулоти, пардоз-андоз воситасидан фойдаланади. Кўпчилик корейс хотин қизлари япон, хитой ва бошқа осиёликларга қараганда ўзини гўзал ҳисоблайди. Турмушга чиққан корейс аёлларнинг аксарияти фарзанд тарбияси билан банд бўлиб, умуман ишламайди.
Корейслар “Қандайсиз?” сўзи ўрнига “яхши овқатландингизми?” деб сўрашади. Жуда кўп ва турфа таом истеъмол қилишади. Улар учун овқат вақтини ўтказиб юбориш – кечириб бўлмас иш.
Интернет материаллари асосида
Гўзал Сатторова тайёрлади.
ЎзА