English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Хон атлас" ҳафталиги бўлиб ўтмоқда
07:37 / 2024-04-12

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан жорий йилнинг апрель-май ойларида "Нафосат" кўрик-танлови ўтказилади.

Танлов негизида жорий йилнинг 8—14-апрель кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, маҳаллалар, вазирлик ва идоралар, ўқув муассасалари, корхона-ташкилотларда "Хон атлас" ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.  

Aҳоли ва айниқса, ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, миллийликни асраш, ўзбекона кийиниш маданиятини, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш орқали қадимий ва барҳаёт урф-одат ва қадриятларимизга хос бетакрор кийиниш услубларини намойиш қилиш ушбу ҳафталикнинг асосий мақсадидир.

Ҳафталик доирасида турли флешмоблар, миллий либослар намойиши ва челленжлар ўтказилаяпти.

Дарҳақиқат, бир пайтлар оналаримиз, бувиларимиз ишга, меҳмонга, тўй-тадбирларга кийган бетакрор атлас матосидан тикилган либосларни замона зайлими ёки "ювганда айниб кетади" баҳонасидами, хуллас, бесабаб бир чеккага суриб қўйилди. Сандиқларда қолиб кетган атласлар, десак,  кўплаб  хонадонлардан ҳатто сандиқларнинг ўзи ҳам аллақачон “бадарға” бўлиб кетган... Ҳатто келинлар ҳам киймай қўйган атласни баъзан ойнаижаҳон орқали раққоса қизлар ёки мақом куйлаётган аёл-қиз хонандалар эгнида учратиш даражасига етиб келганимиз жуда  афсусланарли ҳолатдир.

"Хонатлас" ҳафталиги доирасидаги тадбирларда  миллий матоларимизнинг  сардори бўлган атласнинг дунёда тенги йўқ, бетакрор, сержило, камалакранг эканини, ҳар қайси опа-синглимизни бир зумда гўзал маликага айлантириб қўйишини яна бир карра англаяпмиз.  

Маълумотларга кўра, атласнинг табиий ипакдан тўқилган энг аъло нави саккиз тепкили хонатлас деб аталади. Хонатласнинг барча сири унинг тузилиши ва тўқилиш усулидадир.  

Мутахассисларнинг айтишларича, тўрт тепкили атлас тўрт тепкили дастгоҳда, саккиз тепкили атлас саккиз тепкили дастгоҳда тўқилади. Товусдек товланувчи бу матони тўқиш Марғилонда жуда қадимдан ривожланган, бошқа жойларга шу ердан тарқалган.  

Табиий ипакдан тайёрланган, бугунги тил билан айтганда экологик жиҳатдан хавфсиз, кийганда тана яйрайдиган атласнинг  "Номозшомгул", "Чақирим", "Қора атлас", "Яҳудий нусха","Барги карам",  "Шахмат", "Қора кўзим", "Сариқ атлас" ва бошқа кўплаб турлари бор.  

Жаҳон мода намойишларида, Халқаро ярмарка ва кўрикларда ўзбек атласидан тайёрланган либослар ўзгача қизиқиш уйғотиши билан бирга совринли ўринларга ҳам кўп бора муносиб кўрилган.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси асосида яхши ниятлар билан бошланган "Хонатлас" ҳафталиги баҳонасида атласдек  ўхшаши йўқ  матоларимизга опа-сингилларнинг меҳри янада ортса ажаб эмас.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири