English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳомийлик хайрияларининг солиқ солинмайдиган миқдори 34 миллион сўмгача оширилади
09:53 / 2024-08-27

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, улар билан давлат органлари ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Зеро, ҳуқуқий, демократик ва ижтимоий давлатнинг негизини фуқаролик жамияти институтлари ташкил этади.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилингани бу йўналишдаги яна бир муҳим қадам бўлди.  

Фармонга кўра, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг ҳудудларда бўлинмалари ташкил этилади.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар аъзоларига бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайрияларининг солиқ солинмайдиган миқдори 15 миллион сўмдан БҲМнинг 100 баравари (34 миллион сўм)гача оширилади.

2025 йил 1 январдан ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган давлат божлари миқдори 2 бараварга камайтирилган ҳолда ундирилади.

Ҳар йили вазирлик ва идоралар фуқаролик жамияти институтларига ижтимоий буюртма бериш бўйича танловлар ташкил этади.

Ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказиб борилади.

Ҳар икки йилда фонд томонидан тақдирланадиган “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти таъсис этилади.

“Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида номинация ташкил этилади.

2024 йил 1 сентябрдан фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади.

Бу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юртимизда фуқаролик жамияти институтлари ривожига, пировардида халқимиз манфаатларига хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА