Кейинги пайтларда кўпчилик “декрет” пули миқдори, такрорий декретга чиқиш, “декрет” таътили неча кун давом этиши хусусида қизиқиш билдирмоқда. Бу борада фақатгина ишончли манба ёки ишончли мутахассис орқали берилган маълумотларга таянган маъқул.
“Декрет” пули ва ҳомиладорлик таътилига боғлиқ саволларимизга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддиновдан жавоб олдик.
– Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун қандай ҳужжат асос бўлади?
– Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади. Агар ушбу меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолган ҳолларда нафақа унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади. Аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
– Ҳомила тушган ҳолларда ҳам ушбу нафақа тўланадими?
– Ҳа, албатта. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча давр учун тўланади.
– “Декрет” пули қандай ҳисобланади?
– Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган ва суғурта бадаллари чегирилган барча мукофотларнинг 1/12 қисми нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори аниқланади.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун нафақани ҳисоблашда ходимнинг корхонада ишлаган даврда олган ҳар қандай тўловлари ҳисобга олиниши лозим. Яъни ходим декретга чиқишидан олдинги 12 ойлик даврдан бошлаб декретга чиққан ойидан олдинги ойларда берилган тўловлар ҳисобланади.
– Болани парваришлаш таътилида бўлган давр умумий иш стажига қўшиладими?
– Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади. Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.
Эътибор бериш керакки, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.
– “Декрет” пули миқдори қанча?
– Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа миқдори аёл ишга қабул қилинган кундан бошлаб амалда ишланган вақтига қараб табақалаштирилган. Хусусан, 6 ойгача ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, 6 дан 12 ойгача 75 фоизи, 12 ойдан ортиқ бўлса 100 фоиз белгиланади.
– Аёл болани парваришлаш таътили пайтида ёхуд у тугагандан кейин кўп ўтмай (1 йил давомида) яна ҳомиладор бўлган бўлса, такрорий декретга чиқиш мумкинми?
– Ходим йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда ва болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади. Ушбу қоидага кўра ходим декретдан декретга чиқиши мумкин.
Ўза мухбири
Гулноза Бобоева
суҳбатлашди