Юртимизда умумий ўрта таълим мактабларида 6,3 миллион ўқувчига 509 мингдан ортиқ ўқитувчилар таълим бериб келмоқда. Мавжуд мактаблар қуввати эса 5,2 миллион ўқувчи ўрнини ташкил этади.
2022 йилда маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 70 та мактабда қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Юртимиздаги 128 та хом ғишт ва лой-пахсадан қурилган мактаб филиали республика бюджети маблағлари ҳисобидан намунавий лойиҳалар асосида қайта барпо этилди. Ушбу ишлар натижасида 2022 йил якунига қадар 141 минг 765 та янги ўқув ўринлари ва мавжуд 198 мингдан ортиқ ўқувчи ўринли бино-иншоотлар замонавий қиёфага келтирилди.

Бу рақамлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида айтиб ўтилди. Унда жорий йил 15 март куни мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Умаровага юборилган “Мактабларда қўшимча ўқувчи ўрнини яратиш ҳамда мактабларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровига келган жавоб атрофлича муҳокама қилинди.


Қайд этилганидек, умумтаълим мактабларини 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш мақсадида 1300 дан ортиқ объектларда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, уларнинг иситиш тизимлари, иситиш қозонлари, биноларнинг том қисми ва эшик-деразалари таъмирланган бўлса, айримлари янгисига алмаштирилди.
Халқ таълими муассасаларида электр энергия сарфини камайтириш мақсадида 500 дан ортиқ мактабларга қайта тикланувчи (қуёш электр панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмалари) энергия манбалари жорий қилинди. Ичимлик суви ташиб келтириладиган 166 та халқ таълими муассасаси маҳаллий ҳокимликлар томонидан узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Мажлисда таъкидланганидек, 2022 йилда 800 та интерактив доска ва 442 та комплект робототехника жиҳозлари жойларга етказилди. Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини самарали ўтказиш, масофавий таълим имкониятларини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган “Масофавий таълим платформаси” ахборот тизимига жойлаштирилган мактаб ўқув дастурига тегишли видеоконтент 14 минг 80 тага, тақдимот 6 минг 372 тага ва қўшимча видео ресурслар 708 тага етказилди. Фойдаланишда қулайлик яратиш учун тизимнинг мобил иловалари ҳам ишга туширилди.
Мажлисда депутатлар парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этилганини эътироф этди. Кун тартибидаги масала тегишли қўмитанинг доимий назоратида бўлиши қайд этилиб, парламент сўровига юборилган жавоб маълумот учун қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА