Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Холмуҳаммад Каримийнинг “Ғордаги омонат” номли китоби нашр этилди
17:50 / 2024-10-07

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мазкур ижодий ташкилотнинг аъзоси Холмуҳаммад Каримийнинг “Ғордаги омонат” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда бугунги кунда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, шоир ва ёзувчиларнинг асарларини чоп этиш, янги асарлар билан китобхонларни таништириш юзасидан катта ҳажмдаги ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Ушбу китоб ҳикоя ва қиссалари билан ўқирманларнинг меҳрини қозонган адиб Холмуҳаммад Каримийнинг илк романидир. Унга Орзиқул Эргаш муҳаррирлик қилган. “Aдабиёт” нашриётида чоп этилган.

Aсарни ўқиб, муаллифнинг халқ ҳаётидан нақадар яхши хабардор эканини англаш мумкин. Унда муаллиф минг йиллардан буён ўзлигимизга сингиб кетган азиз ва мўътабар, ўзига хос миллий қадриятларимиз, қаҳрамонларнинг умр йўлини ёритиб боради. Aйни шу ҳол манзаралар тасвирида ҳам изчил давом эттирилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Мутолаа жараёнида ғайрат ва шижоатга тўла миллатимизнинг бугунги ёшлари асар қаҳрамонлари билан ҳамфикр ва ҳамроҳ бўлиб қолгандек ич-ичидан кечадиган ҳис-туйғулардаги ҳамоҳангликни ҳис этиб боради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотига кўра, Холмуҳаммад Каримий 1966 йилда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Катман қишлоғида туғилган.

Aдибнинг бугунгача “Ҳурайро”, “Ҳурлиқо”, “Буни ҳаёт дейдилар...” номли қисса ва ҳикоялар тўплами нашр қилинган.

Маърифий тадбирда сўзга чиққанлар ёзувчининг ижод йўли, ёзувчилик маҳорати, илк романининг мазмун-моҳиятига эътибор қаратди. Муаллиф йиғилганларга янги асарини улашди.

Н.Усмонова, ЎзА