Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Холислик: таҳлил, таклиф ва тавсиялар
11:58 / 2023-09-23

Бухорода Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва уюшманинг вилоят бўлими ҳамкорлигида “Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда воқеликни холис ёритиш: бугунги ҳолат, таҳлил, таклиф ва тавсиялар” мавзусида минтақавий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Навоий вилоятидан журналистлар, Бухоро вилояти оммавий ахборот воситалари ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. 

Конференцияда “Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда воқеликни холис ва ҳаққоний ёритиш долзарб масала”, “Замонавий медиа муҳитда телерадиоканалларнинг ривожланиш тенденцияси” мавзуларида маърузалар тингланди.

– Ҳозирги замонда инсоният ахборот дунёси, оммавий коммуникация тушунчалари мутлақо янги воқеликка кириб улгурган бир паллада яшамоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Б. Асадов. – Медиа майдонда исталган ҳудуд ёки давлат, халқ хўжалигига тааллуқли маълумотни олиш муаммо эмас. Лекин ўша маълумотлар қай тариқа тарқалмоқда? Кимлар томонидан тарқатиляпти? Энг муҳими, тарқатилаётган маълумотлар нечоғли холислик билан оммавий нашрлар орқали ёйилмоқда? Бугунги конференцияда соҳа мутахассислари мана шу саволларга ечим топишди. 

Конференцияда мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди. Ўзаро мулоқот қилиш, тажриба алмашиш мақсад қилинди. Куннинг иккинчи ярмида минтақавий конференция иштирокчилари вилоятдаги йирик корхоналар фаолияти, амалиётга татбиқ этилаётган янги лойиҳалар, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. Ижодкорлар Бухоро туманидаги “Бухоро Варнет” корхонасида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар билан танишди. 

[gallery-13687]

Конференция доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ва вилоят ҳокимлиги муассислигида чоп этиладиган “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари таҳририятида бўлди. Ушбу босма нашрларда фаолият олиб бораётган журналистлар билан суҳбатлашди. 

“Бухоронома” газетасининг илк сонлари 1920 йил сентябрдан чиқа бошлаган. Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Саид Аҳрорий, Чўлпон сингари маърифатпарварлар ташаббуси билан ташкил этилган газета ўзининг бир асрдан зиёд тарихи давомида “Бухоро ахбори”, “Озод Бухоро”, “Бухоро ҳақиқати” каби номларда чоп қилинган. Бир асрни ортда қолдирган газета не-не машаққатли ва синовли даврларни ва албатта, жонкуяр, фидойи, маърифатли ижодий-техник ходимлар ҳамда муҳаррирларни кўрди. 

Меҳмонлар фахрий журналистлар Б. Жумаев ва С.Аҳмедовалар ҳолидан хабар олиб, совғалар топширилди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА