Мамлакатимизда йўл қуриш, таъмирлаш, лойиҳалаш учун республика бюджетидан ажратмалар барқарор ошириб борилмоқда, соҳага халқаро молия институтларининг маблағлари фаол жалб қилинмоқда.
Аммо ўтган давр мобайнида тизимда ишни ташкил борасида етарли даражада шаффофлик ва ҳисобдорлик таъминланмаган, илғор халқаро тажрибага асосланган механизмлар жорий этилмаган, шунингдек янги йўлларни қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш йўналишида кўплаб қонун бузилиш ҳолатлари ва коррупцион омиллар сақланиб турибди.
Автомобиль йўллари қўмитасининг берган маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистондаги автомобиль йўллари узунлиги 209 минг 496 километрни ташкил этади. Шундан 42 минг 869 километри умумий фойдаланишдаги, (халқаро аҳамиятдаги – 3 993 км., давлат аҳамиятдаги – 14 203 км., маҳаллий аҳамиятдаги – 24 673 км.), хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари – 141 минг 882 км., идоравий ва инспекторлик йўллари – 24 минг 745 км.ни ташкил этади.
Маълумотларга кўра, жаҳонда йўл қурилишидаги коррупциянинг асосий индекаторларидан бири, бу – ўртача 4 тасмали йўл қурилиши нархи экан. Жаҳон банкининг ахборотида йўл лойиҳалари муддати чўзилиши, бу – уларни амалга оширишдаги коррупциянинг бир белгиси экан.
Қолаверса, "Transparency international"нинг коррупцияга оид индексини олсак, қурилиш соҳаси, жумладан, йўл қурилиши дунёда энг коррупциялашган соҳалардан бири сифатида келтирилган. Жаҳон банкининг тахминича, ривожланаётган давлатларда ўртача 10 фоиз коррупция бўлаётган бўлса, йўл қурилишидаги коррупция кўрсаткичи 35 фоизгача бориши мумкин.
Молия вазирлигининг берган маълумотига кўра, 2022 йилда йўл хўжалигидаги қуриш-таъмирлаш, уларни эксплуатация қилиш ва жиҳозлаш харажатлари учун жами 8,4 трлн. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Шундан, Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига асосан 2,4 трлн. сўм, жорий харажатлар учун 2,4 трлн. сўм, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурини амалга ошириш учун 2,0 трлн. сўм, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 1,3 трлн. сўм, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 0,3 трлн. сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Яна бир маълумот, ташқи қарз ҳисобига молиялашган лойиҳаларда, афсуски, жуда кўплаб кечикишлар ва қонунбузилишлар учраб турибди.
Мисол учун, Ислом тараққиёт банкининг 125 млн. доллар маблағи ҳисобига М39 "Тошкент-Термиз" йўналишида 97 км.га яқин йўлни таъмирлаш ишларини 2014 йилда якунлаш белгиланган. Шунга қарамай, қуриш ишлари 5 йилга чўзилиб кетган. Бунга соҳа мутахассислари йўл қурилиш материалларини етказиб беришдаги камчиликларни сабаб қилиб кўрсатмоқда. Яна бир мисол, А373 йўлидаги 3 км. йўл ҳам 2020 йил якунига қадар таъмирланиши белгиланган. Бироқ бу ҳануз якунланмаган.
Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев берган маълумотларга кўра, соҳага ажратилаётган маблағлар эвазига 5 йил давомида мамлакатимиздаги 56 минг 700 км. йўл таъмирланган. Ҳозирги кунда республикамиздаги 64 минг км. атрофидаги йўл таъмирталаб. Шундан умумий фойдаланишдаги йўллар 5100 км, қолгани ички хўжалик йўллари ҳисобланади. Айни пайтда 29 минг километрлик тупроқ йўл ҳам бор. 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 31 минг 417 км. тупроқ йўл бор эди.
Давлатимиз томонидан ажратилган маблағ ҳисобига 11 минг 400 километрга яқин тупроқ йўл шағаллаштирилди. Беш минг километрдан ошиқ ички хўжалик йўллари асфальт қилинди. Бу ишлар ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Тупроқ йўлларни бутунлай йўқотиш бўйича дастур туздик. 3 йил ичида Ўзбекистон ҳудудида тупроқ йўллар бўлмайди. Қолган ички хўжалик, умумий фойдаланишдаги йўлларни 4 йил давомида тўлиқ таъмирлаб бўламиз.
Шунингдек, юртимизда 209 минг км. йўл бор. Шундан 42 минг 254 километри бизга қарайди, қолгани ички хўжалик йўллари ҳисобланади ёки бошқа вазирлик-идоралар тасарруфидадир. Ички хўжалик йўлларини таъмирлашга шу пайтгача ҳеч қачон етарли маблағ ажратилмаган. Меъёрий ҳужжатга кўра, ҳар йили энг камида 22 минг километрлик қисми таъмирланиши керак.
"ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТОМОНИ..."
Юқорида берилган маълумотлардан Ўзбекистондаги барча йўллар талабга жавоб берадигандек. Аммо "танганинг иккинчи томони" ҳам бор. Масалан, пойтахтнинг марказий кўчаларидаги, вилоятдаги йўллардаги ўйдим-чуқурларни айтмаса ҳам бўлади. Ҳатто вилоятларни бир-бирига боғлайдиган катта магистраль йўлларнинг носозлигини кўриб дилингиз хира бўлади. Сир эмаски, автомобиль йўллари ва ички йўллар ёзми-қишми, ёмғирми-қорми, фарқи йўқ, фақатгина давлат раҳбарининг ташрифи арафасида таъмирланмоқда.
Давлатимиз томонидан 2021 йилда 4,5 трлн. сўм маблағ эвазига 3,9 минг км. автомобиль йўлларини қайта қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилган. Бироқ, триллион-триллион маблағ эвазига таъмирланган йўлларда бир ёмғирли мавсумдан кейин яна ўйдим-чуқурлар пайдо бўляпти. Нега?
Агар ростдан ҳам йўл таъмири учун ажратилган ҳар бир сўм тўғри сарфланаётган бўлса, бугунги кунда барча кўчалар талабга жавоб берган бўлар эди.
«Ўзйўлинспекция»нинг берган маълумотига кўра, 2021 йилда автомобиль йўлларидаги 7078 та объектда назорат ишлари ўтказилди. Мазкур объектлардаги назорат ишлари натижасида 11 минг 949 та қоида бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Бундан ташқари, 45 та йўл қурилиш объектларида сифат даражасини аниқлаш бўйича 4464 та синов ишлари ўтказилди. Натижада 40 та синов баённома хулосаларида – 27 та объектда бажарилган йўл қурилиш ишлари, меъёрий ҳужжатлар талабига жавоб бермаслиги аниқланган.
ДУНЁДАГИ ЭНГ ЁМОН ВА ЭНГ ЯХШИ ЙЎЛЛАР
Жаҳон иқтисодий форуми ҳар йили дунёдаги энг ёмон ва яхши йўлларга эга давлатлар рейтингини тузиб келади. Йўллар бирдан еттигача бўлган шкалада баҳолаган бўлиб, қайси мамлакат юқори балл тўплаган бўлса, йўлларининг сифати юқори эканини англатади. Жами тўплаган балли паст бўлган мамлакатнинг йўллари сифатсиз, деган хулосани беради.
Эътиборлиси, ҳозирга қадар Ўзбекистон бу рейтингдан умуман жой олмаган. 2019 йилги рейтингдан 137 мамлакат ўрин олган бўлиб, хусусан, Тожикистон (51-ўрин), Қозоғистон (93-ўрин) ва Қирғизистон (112-ўрин) каби қўшни давлатларнинг йўллари баҳоланган.
Нега Ўзбекистонда қурилаётган йўлларнинг сифати халқаро стандартларга тўғри келмайди ва узоқ вақтга чидамайди? Турган гапки, бунинг асосий сабаби коррупцияга бориб тақалади.
Ўзбекистонда пулли йўллар қуриш бўйича режалар илк марта 2018 йилда маълум қилинган, шундан сўнг ҳаракатланиш пулли бўлган иккита туннель ва учта автойўл қурилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатдаги дастлабки пуллик йўллар 2023 йилдан кейин қурилиши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши масаланинг яна бир жиҳати, йўллардаги фалокатларнинг 25 фоизи йўл ҳолати ёмонлиги ва инфратузилмаси оқилона ташкил этилмагани оқибатида келиб чиқаётгани қайд этилди.
Масалан, Поп билан Тўрақўрғон, Жарқўрғон ва Денов, Самарқанд билан Ғузор ўртасидаги йўллар, А-373 йўлининг Ёзёвон туманидан ўтган қисмида ҳар йили ўнлаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Афсуски, бундай хавфли кўчалар ҳар бир вилоят, ҳар бир туман ва шаҳарда бор.
Ҳудудларда, магистраль йўлларда, шунингдек, ички йўлларда қанча равон бўлса, бахтсиз ҳодисалар шунча камаяди. Ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайлик яратади. Қолаверса, ҳудудга файз беради. Шунинг учун селекторда бу борада учрайдиган муаммоларни манзилли ўрганиш ва бартараф этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа қилиб белгиланди.
Транспорт прокуратураси 2021 йилда йўл ва кўприклар қурилишидаги жиноятлар ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари, ўтган йили йўл қурилиши соҳасида «Махсус йўл диагностика маркази» тузилиши, бу орқали Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолияти самарадорлиги оширилиши, Германиянинг "Roland Berger" компанияси Ўзбекистонда йўллар қуриш стратегиясини ишлаб чиқиши режалаштирилган эди.
Шунингдек, рақобатбардош йўл тармоғини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаётгани, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтида Германиянинг ўқитиш тизими жорий қилиниши ҳақида хабарлар берилганди. Бироқ бунинг ҳаётимизга таъсири сезилмаяпти, йўлларнинг сифати яхшиланиб қолмаяпти. Демак, тизимда инқилобий ўзгаришлар қилиш фурсати етган.
РЕЖАЛАР БОР...
Жорий йилнинг 2 мартида Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган “Shaffof yoʼl” платформаси тест режимида ишга туширилади. Мазкур платформада жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар (17 та) рўйхати тасдиқланди.
“Shaffof yoʼl” платформасининг алоҳида саҳифаси орқали аҳолининг йўллар носозлиги, шунингдек, йўлларда ва йўл бўйида хавфсиз ҳаракатланиш учун юзага келган фавқулодда техник муаммолар (светофорлар ва йўл белгилар ўрнатилмаганлиги ёки уларнинг шикастланганлиги, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар) ҳақида фото- ва видеомурожаатлар – жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади.
2022 йил 1 майгача автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн харитаси-схемаси ишлаб чиқилиб, платформага жойлаштирилади.
2023 йилдан бошлаб ва кейинчалик ҳар йили кейинги йилда қурилиши, реконструкция қилиниши, таъмирланиши назарда тутилган барча тоифадаги йўл участкаларини харитага жойлаштириш амалиёти йўлга қўйилади.
Ушбу ҳужжатга кўра, «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали туман (шаҳар)лар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағлар жамоатчилик фикри асосида шаклланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтирилади.
Бу бўйича алоҳида низом тасдиқланди. Унга кўра, жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашда таклифларни қабул қилиб олиш ҳар йили 10 январгача, билдирилган таклифлар орасидан ғолиб таклифларни овоз бериш йўли билан аниқлаб олиш жорий йилнинг 31 январига қадар амалга оширилади.
Фуқаролар ҳар йили ички йўлларни таъмирлашга доир фақат битта таклифни киритиши ҳамда битта таклифга овоз бериши мумкин. Фуқаролар ўзлари томонидан киритилган таклифга овоз бериши тақиқланади. Аҳоли томонидан танланган ички йўллар ахборот порталида автоматик равишда таклиф сифатида шаклланади ва бошқа фуқароларнинг овоз бериши учун имконият яратилади.
Қарорга кўра шунингдек, 2022 йил 1 мартгача ички хўжалик йўлларининг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номи, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотларни ўз ичига олган Ички хўжалик йўллари реестри шакллантирилди. 2023 йил 1 январдан “Shaffof yoʼl” платформаси тўлиқ ишга туширилади.
Ушбу ҳужжат тўлиқ амалиётга жорий этилса, балки тизимдаги барча муаммоларга ечим бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда бюджетдан ажратилаётган ҳамда халқаро донорлардан олинаётган пуллар ўз манзилига етиб бораётганини нафақат раҳбарлар балки оддий халқ ҳам билади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА