Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари бошқарув ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги тизими жорий этилади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг лавозим маоши ягона тамойил асосида меҳнатга ҳақ тўлашнинг янгиланган тариф сеткаси ҳамда кўп йиллик хизмати ва лавозими инобатга олган ҳолда табақалашган тариф коэффициентлари асосида шакллантирилади.
Рағбатлантириш тўловлари бошқарув ходимлари томонидан эришилган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида ҳар ойлик устамалар, малака (мартаба) даражалари учун ва ҳисобот даври якунлари бўйича рағбатлантириш тўловлари шаклида тўланади.
2025 йил 1 августдан бошлаб, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) лавозим маоши;
б) энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) эришганлиги учун лавозим маошига ҳар ойлик устамалар;
в) малака (мартаба) даражалари учун тўловлар;
г) мукофотлаш ҳамда бонус тўловлари.
Фармон билан:
а) Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тариф сеткаси разрядлари;
б) Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тариф коэффициентлари;
в) Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларига фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) эришганлиги учун бериладиган лавозим маошига ҳар ойлик устамалар миқдори;
г) Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларига давлат фуқаролик хизмати малака даражалари учун лавозим маошига қўшимча тўловлар миқдори;
д) Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) тасдиқлашда фойдаланиладиган кўрсаткичларнинг намунавий рўйхати тасдиқланди.
ЎзА