Қонунчиликка кўра, маҳаллий бюджетнинг даромад базасини тубдан мустаҳкамлаш асосида ҳудудларни комплекс ривожлантиришни барқарор молиялаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш каби бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб қўйилган.
Пойтахтимизда ташкил этилган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 69-сессиясида Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Жаҳонгир Мирпўлатов маҳаллий бюджет даромадлари юзасидан қуйидаги маълумотларни қайд этди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, жорий йил давомида давлат бюджети даромадлари белгиланган 8 806,1 миллиард сўм прогноз кўрсаткичи 9 950,5 миллиард сўмга ёки 1 144,4 миллиард сўмга ортиғи билан бажарилган.
Тушум салмоғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 968,6 миллиард сўмга ошди ва ўсиш 142,5 фоизни ташкил қилмоқда. Шунингдек, маҳаллий бюджет даромадлари бўйича белгиланган 2 642,0 миллиард сўм прогноз амалда 3 961,6 миллиард сўмга бажарилиб, 1 320,0 миллиард сўм миқдорида маблағлар маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида қолдирилди.
Маҳаллий бюджет даромадларини ошириш бўйича учта йўналишда иш олиб борилди. Жумладан, янги тадбиркорларни рўйхатга олиш ва фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлар фаолиятини тиклашга эътибор қаратилди. 612 та корхона фаолияти йўлга қўйилди.
Натижада 2 минг 452 та иш ўринлари тикланди ва бюджетга жами 5,8 миллиард сўм тушум таъминланди. Бундан ташқари, 12 минг 438 нафар тадбиркорга солиқ ҳисоботларини топширишига кўмаклашилди. Муддатдан кеч топширган ва «ноль» ҳисобот топширилган ҳолатлар ўрганилиб, уларга кўмак берилганлиги туфайли бюджетга 384,0 миллиард сўм маблағ туширилди.
Жаҳонгир Мирпўлатов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 44 344 та савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарига онлайн назорат касса машинаси ўрнатилди.
Юқоридаги тадбирлар натижасида савдо тушуми 72,4 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ошди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА