Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳокимликка номзоднинг коррупциянинг олдини олиш бўйича шахсий режаси бўлиши шарт
17:35 / 2026-02-05

Давлат бошқарувида очиқлик, шаффофлик ва жавобгарликни таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда бу борада коррупцияга қарши курашиш соҳасида изчил ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.  

Қонунда ҳукумат аъзолигига тақдим этилган шахслар ва ҳоким лавозимига номзодлар энди ўз фаолият дастурлари билан бир қаторда коррупциянинг олдини олиш бўйича шахсий режаларини ҳам тақдим этиши шарт этиб белгиланмоқда. Бу эса раҳбар кадрларнинг масъулиятини оширишга ва ҳалоллик тамойилларига содиқлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар доирасида даъволарни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш имкониятларининг кенгайтирилиши фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш жараёнини янада енгиллаштиради.

Қонунда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган нормалар ҳам алоҳида ўрин эгаллаган. Хусусан, махсус иқтисодий ва саноат зоналарида юзага келаётган ҳуқуқбузарликлар бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг судга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланиши давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда муҳим қадам сифатида баҳоланади.

Муҳокамалар давомида қонунни ишлаб чиқиш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилгани, коррупциянинг олдини олиш бўйича алоҳида режа тақдим этиш талаби халқаро амалиётга тўлиқ мос келиши таъкидлаб ўтилди.

Сенаторлар маъқуллаган қонун халқнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, коррупцияга қарши курашишда янги босқични бошлашга, суд тизими самарадорлигини оширишга ҳамда инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.  

Н.Абдураимова, ЎзА