Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳокимликка билимли ва ҳалол кадрлар танлаб олинади
15:58 / 2022-08-08

Ўтган ҳафта Президентимиз раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда давлат хизматини халқни рози қиладиган тизимга айлантириш, раҳбарларни тайёрлаш ва танлаш, доимий равишда уларнинг малакасини ошириб бориш юзасидан вазифалар белгиланди. 

Давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилиши, тажриба тариқасида Самарқанд вилояти ва Давлат солиқ қўмитасида синовдан ўтказилган мазкур тизим ижобий натижа бергани таъкидланди. Йил якунигача барча вакант лавозимлар очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилиши, номзоднинг билими, тажрибаси ва салоҳияти очиқ танлов орқали аниқланиши қайд этилди. 

 – Изчил тараққиёт, адолатли жамият ва самарали давлат бошқаруви тизимини яратишни мақсад қилган ҳар қандай мамлакат биринчи навбатда замон талабини англаган, билимли ва ташаббускор ёш кадрлар авлодини шакллантиришга эътибор қаратади, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Беҳзод Раҳматуллаев. 

– Бундай кадрлар бошқарувда давлат ва халқ ўртасида кўприк бўлади. Давлат бошқарувида халқ манфаатини асосий ўринга қўйиб меҳнат қилади. Узоқ истиқболга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга интилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ташкил этилиши давлат фуқаролик хизматига энг муносиб кадрларни танлов асосида саралаб олишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.  

Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилди. Бизда мазкур тизим тажриба сифатида олдинроқ бошлангани сабаби 2021 йил 19 майда вилоят ҳокимининг “Вилоят, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари бошқарув аппаратига кадрларни очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.  

Мазкур қарор билан вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг вакант лавозимларига танлов ўтказиш тартиби ҳамда танлов ўтказиш бўйича комиссия таркиби тасдиқланди ва 2021 йилнинг 1 июлидан эътиборан ходимлар фақат очиқ мустақил танлов асосида давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали – орқали ишга қабул қилинмоқда. Бунинг учун бошқарув аппаратидаги тегишли лавозимларга малака талаблари белгиланди. Бу талаблар асосан замонавий фикрлай олиш, давлат тили ва битта чет тилни яхши билиш, компьютер дастурларидан фойдаланишдан иборат.

Фақат бугина эса, ҳокимлик ўзига тегишли идораларни ёш мутахассислар билан таъминлашнинг оқилона ва барқарор тизимини шакллантирмоқда. Шу мақсадда, 2020 йилда Самарқанддаги олий ўқув юртлари битирувчилари орасидан лидерлик ва раҳбарлик қобилиятига эга бўлган 331 нафар йигит-қиз амалдаги мезонлар орқали танланиб, вилоят ҳокимлигининг кадрлар захирасига олинган эди. 

Улар билан ўтказилган учрашув ва семинарлар чоғида ёшлар иқтидори баҳоланди. Натижада, бу йигит-қизларнинг 229 нафари ишга жойлаштирилди 83 нафари таълимнинг кейинги босқичида ўқишни давом эттирмоқда. Худди шундай ўтган йил олий ўқув юртлари битирувчилари орасидан 517 нафар иқтидорли ёшлар ҳокимлик захирасига олинган эди. Ҳозирда бу ёшларнинг 322 нафари ишга жойлашган бўлса, 108 нафари таълимнинг кейинги босқичларида таҳсил олмоқда. 

Бундай ёндашув ўз самарасини бергани туфайли бу йил ҳам вилоятимиздаги олий ўқув юртларига мурожаат қилиб, энг истеъдодли, бошқарувга лаёқатли битирувчиларни “Самарқанд келажак жавоҳирлари” истиқболли кадрлар захирасига олиш учун улар билан бирга ишладик. Белгиланган мезонлар асосида битирувчилар билим ва кўникмаси баҳоланиб, 520 нафар ёшлар вилоят ҳокимлиги захирасига олинди. Қисқа вақт ичида уларнинг 184 нафари вакант лавозимлар бўйича танловларда қатнашиб, ишга жойлашди. Юз нафардан ортиқ битирувчилар магистратура ва таълимнинг бошқа босқичларида ўқишни давом эттириш ниятида эканлигини маълум қилди. Улар ҳам захира кадр сифатида доимий эътиборимизда бўлади.  

Давлатимиз раҳбари ўтган йил Ўзбекистон талабалари ва ёшлари билан учрашувда истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида “Келажак лидерлари” клублари ташкил этилиши кераклигини таъкидлаган эди. Ушбу ташаббус асосида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали ҳамкорлигида “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилганди.  

– Вилоят ҳокимининг бу ҳақидаги қарори билан вилоятдаги фаол ва ташаббускор ёшларни давлат фуқаролик хизматига қизиқтириш, истиқболли кадрлар селекцияси орқали жойларда юқори малакали ҳамда янги авлод кадрлари захирасини шакллантириш мақсадида ташкил этилган клубнинг низоми тасдиқланди, – дея сўзида давом этади Б.Раҳматуллаев. – Клуб аъзолигига давлат фуқаролик хизматига қизиқиши бор ва келажакда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш истаги бўлган, янги билим ва кўникмаларни ўрганишни истайдиган, лидерлик қобилиятига эга, ўқиш ва фаолиятида ютуқларга эришган олий таълим муассасалари битирувчилари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида ишловчи 25-30 ёшдаги ходимлар танлов асосида қабул қилинади.

Танлов ҳар йили бир марта ўтказилади ва 50 нафар истиқболли кадрлар саралаб олинади. Ана шу ташаббус жамоатчилик томонидан яхши қабул қилиниб, қўллаб-қувватлангач, самарқандлик бир гуруҳ фаол талаба-қизлар “Самарқанд илмли қизлари” клубини ташкил этиш истагини билдирди. Бу ташаббус ҳам қўллаб-қувватланиб, мазкур клубга дастлаб вилоятимизнинг илмга чанқоқ ва лидерлик қобилиятига эга 50 нафар қизлар қабул қилинди. Икки йил давомида бу клуб аъзоларидан ҳам кўпчилиги ўқишни битириб, давлат органларида иш фаолиятини бошлади. Аслида, аксарият ғоя ва ташаббуслар ёшларнинг талабалик чоғида билдирилади. Айни шу вақтда кимнинг нимага лаёқати борлиги намоён бўлади. Шунинг учун биз бошқарув органларига кадрларни улар талабалик вақтидаёқ аниқлаб, захирага олиб, тайёрлаб боришимиз зарур.  

Бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги 600 дан ортиқ давлат идораларида 8818 нафар давлат хизматчиси фаолият кўрсатмоқда. Албатта, улар ҳам белгиланган синов ва танловлардан ўтган, ўзини, билим ва малакасини кўрсатган. Бугунга келиб, барча кадрлар очиқ танлов асосида қабул қилинмоқда. Бу эса энг муносиб номзодларни танлаб олиш имкониятини бермоқда. Эътибор беринг, кейинги бир ярим йилда вилоятда мавжуд бўш иш ўринларига очиқ танловлар ўтказилганда бир ўринга ўртача 20 нафаргача номзод тўғри келди. Хусусан, жорий йилдан маҳалла фуқаролар йиғинларида янгидан ташкил этилган ёшлар етакчиси лавозимига бир ўринга ўртача 9 нафаргача номзодлар ҳужжат топширди. 

Самарқанд шаҳридаги Аҳиллик маҳалласи ёшлар етакчиси лавозимига ўтказилган танловда 57 нафар номзод ҳужжат топширган. Бу ҳам давлат идораларига ишга қабул қилишда очиқлик ва шаффофлик таъминланиши зарур деган тамойилнинг амалий исботидир. Шаҳар ва туман ҳокимликларида ўтган давр мобайнида 186 нафар етук замонавий фикрлайдиган кадрлар 5112 нафар талабгорлар орасидан саралаб олинди. Ёш таркиби бўйича, бугунги кунда Самарқанд шаҳар, Иштихон ва Оқдарё туманлари ҳокимликларида ходимларнинг ўртача ёши 33 ёшни Каттақўрғон тумани ҳокимлигида 38 ёшни ташкил қилмоқда. 

Ҳеч қачон ҳеч бир идорага, жумладан, давлат органларига ҳам тайёр кадр келмайди. Ҳар бир раҳбар ёшларнинг, битирувчи талабаларнинг ичига кириб, уларнинг қизиқишларини ўрганиши, мақсад ва режаларини билиши ҳамда кадрларни тайёрлаш ва селекцияси билан шуғулланиши зарур. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари йиғилишидан сўнг туман ва шаҳарлар ҳокимликларида захирага олинган кадрлар билан учрашувлар ўтказяпмиз. Булунғур ва Пастдарғом туманларида ташкил этилган шундай тадбирларда ёшларга ҳокимлик ва бошқа давлат органларидаги бўш иш жойлари таклиф қилинди. Шунингдек, уларнинг билим ва малакасини ошириш мақсадида захирага олинган кадрлар туман раҳбарларига бириктирилди.  

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА