Сурхондарё вилоятининг Денов тумани марказида улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнда фуқароларнинг уй-жойлари, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иншоотлари туман ҳокимиятининг келишув битимига асосан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилган. Маҳаллий ҳокимият бузилган уй-жой ва бошқа иншоотлар учун компенсация маблағи тўлаб беришни ўз зиммасига олган.
Мазкур келишув битимига мувофиқ фуқаролар фойдасига туман ҳокимлиги компенсация пулини ўз вақтида тўлаб бермаётгани сабабли бу масала суд орқали ҳал этилмоқда. Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди тўрт нафар фуқарога туман ҳокимлиги ҳисобидан 1 миллиард 424 миллион 867 минг сўм компенсация ундиришни белгилаган.
Суднинг ижро ҳужжатлари МИБ Денов туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, туман хокимлигига талабнома юборилди. Ҳисоб рақамларига инкасса топшириқномалари қўйилди.
Давлат ижрочилари томонидан қисқа вақтда туман ҳокимлиги ҳисобидан фуқаролар фойдасига 1 миллиард 424 миллион 867 минг сўм компенсация пули тўлиқ ундирилди. ундирувчиларнинг номига очилган пластик карталарига ўтказиб берилди. Одил суднинг ижро ҳужжатлари белгиланган тартибда иш юритувдан тўхтатилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири