Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳокимлик ва ташкилотларда коррупцияга қарши чоралар кўрилмоқда
16:36 / 2025-12-02

Тошкент шаҳар ҳокимлигида шаҳар бошқармалари ва ташкилотлар раҳбарлари ва туман ҳокимлари иштирокида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ҳокимлик ва ташкилотларда коррупцияга қарши кўрилган чора-тадбирлар хусусида маълумот берилди. Жумладан, “Махсустранс ИЧБ” ДУК раҳбари тизимда коррупцияга қарши курашиш чоралари бўйича ахборот берди. Ташкилотда барча махсус техникаларга видеорегистраторлар ўрнатилиши бошланганини, ёқилғи қуйиш жараёнида инсон омилидан воз кечилаётганини таъкидлади.

Уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси раҳбари ўринбосари бошқармада шаффофликни ошириш ва профилактика тадбирлари кўлами ҳақида маълумот берди. Ўтган даврда тузилмада 20 та ўрганиш ўтказилиб, 10 та ҳолатда коррупция ёки хизмат вазифасига лоқайдлик каби камчиликлар аниқланган ва тегишли чоралар кўрилган.

Учтепа, Шайхонтоҳур ва Сергели туман ҳокимлари ҳокимликларда очиқликни таъминлаш, коррупциявий хавфларни камайтириш ва жамоатчилик билан алоқани яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этди.

Солиқ, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари раҳбарлари эса ўз тизимларида коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берди.

Тадбир давомида мавжуд муаммолар, уларга сабаб бўлаётган омиллар, олдини олиш механизмлари ҳамда барча соҳаларда шаффофликни кучайтиришга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.

Гулноза Бобоева, ЎзА