English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳокимлик ва тадбиркорлик субъекти ўртасида тузилган шартномани халқ депутатлари Кенгаши бекор қилиш ваколатига эгами?
14:35 / 2021-04-02

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман томонидан мамлакатимиз ҳудудларида сайёр қабул ўтказилмоқда.

Қабулда кўплаб тадбиркор ва фермер хўжаликлари раҳбарларидан уларнинг ер майдонлари ноқонуний олиб қўйилганлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушган. Хусусан, тадбиркор ҳокимлик билан шартнома тузган, лекин шартнома халқ депутатлари Кенгашлари томонидан бекор қилинган. Савол туғилади: халқ депутатлари Кенгашлари бундай ваколатга эгами?

Мурожаатлар асосидаги ўрганишларда Қашқадарё вилоятида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатларига зид тарзда қарор қабул қилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Қарши туманида фаолият юритувчи «Бобур ўғли Ҳумоюн» фермер хўжалиги туман ҳокимлиги билан тузилган ижара шарномасига асосан ер майдонидан фойдаланиб келган. Аммо мазкур шартнома фермер хўжалиги раҳбари ва ҳокимлик ўртасида келишувга эришилмаган ҳолда халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори билан бекор қилинган.

Худди шундай ҳолатга Ғузор туманидаги «Жалолиддин Жилоси» ва Миришкор туманидаги «Нарзиқулов Ражаб Бердиевич» фермер хўжаликлари ҳам учраган. Мазкур фермер хўжаликлари ва туман ҳокимликлари ўртасида ердан фойдаланиш бўйича узоқ муддатли ижара шартномалари тузилган. Халқ депутатлари Кенгашининг қарори билан фермер хўжаликларига тегишли ер майдонлари захирага қайтарилган.

Қонунчиликка мувофиқ, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фермер хўжаликлари ва туман ҳокимлиги ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш ваколатига эга эмас.

Айтиб ўтилган қонунбузарликларга мувофиқ халқ депутатлари Миришкор, Ғузор ва Қарши тумани Кенгаши қарорларининг қонунийлигини ўрганиш ва шунга кўра қарорларнинг фермер хўжаликларининг манфаатларига зид бўлган қисмларини бекор қилиш юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Олий Мажлис Сенатига хат киритилди.

Ушбу ҳолат Олий Мажлис Сенати томонидан ўрганиб чиқилди ва Сенатнинг қарори билан халқ депутатлари Кенгашлари қарорларининг тегишли қисмлари бекор қилинди. Таъкидлаш жоизки, тадбиркорликка оид халқ депутатлари Кенгашлари қарорининг Сенат томонидан бекор қилиниши биринчи маротаба юзага келмоқда.

 

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА