English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳокимлик тадбиркорга 405 миллион сўм тўлайди
17:02 / 2023-05-16

Пайариқ туман ҳокимининг 2019 йил 18 январдаги қарори билан Гўзал маҳалласидаги фуқароларга тегишли 8 та уй-жой бузилиб, ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинган.

Ушбу ер майдонининг 0,70 гектари маъмурий бинолар қуриш учун бир нечта ташкилотларга ажратиб берилган. Қарорда кўрсатилмаган бўлсада, “Nigor NV” МЧЖнинг мазкур ҳудудда жойлашган нотурар жой бино ва иншоотлари ҳам бузилиб, 0,08 гектар ер майдонида бино қурилди.

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, орадан уч йил ўтиб масала буткул тескари тус олган. Тадбиркорга етказилган зарар унга тегишли бинолар ҳоким қарори билан бузилмаганлиги, бунга қурилишни амалга оширган ташкилот жавоб бериши важи билан қоплаб берилмаган. Ҳокимият масъуллари эса йиллар давомида тадбиркорга компенсация тўлови ва бошқа ер ажратилиши ҳақида оғзаки ваъдалар берган, лекин бажармаган. Тадбиркор олиб қўйилган ер майдони учун ҳам шу пайтга қадар солиқ тўловларини тўлаб келган. Кадастр ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартириш киритилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддаси 1-қисмига асосан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Ҳуқуқлари бузилиб, ўзига тегишли ер майдони олиб қўйилган тадбиркор ҳокимлик остонасида сарсон бўлгач, Пайариқ туман адлия бўлимига мурожаат қилди. Адлия бўлими унинг манфаатини кўзлаб Пайариқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди. Суд ишни батафсил ўрганиб, адлия бўлимининг даъво талабини қисман қаноатлантирди. Яъни, Пайариқ туман ҳокимлигидан “Nigor NV” МЧЖ фойдасига жами 405 миллион 27 минг сўм зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА