Бухоро вилояти маъмурий судлари томонидан 2021 йилда 828 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар кўриб тамомланган. Бу ҳақида вилоят маъмурий судининг раиси Салоҳиддин Турсунов маълум қилди.
Ишларнинг 74 таси бўйича иш маъмурий судловга тааллуқли бўлмаганлиги ва аризачи талабидан воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган. 44 та иш кўрилмасдан қолдирилган. 283 та иш бўйича келтирилган талаблар асоссизлиги сабабли шикоят ва аризаларни қаноатлантириш рад этилган. 427 та иш бўйича судга мурожаат қилувчиларнинг талаблари қаноатлантирилиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари суд томонидан тикланган. Кўриб тамомланган оммавий низолар маъмурий органлар кесимида таҳлил қилинганда маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини ҳақиқий эмас ва улар мансабдор шахсларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ оммавий низолар 305 та кўрилган. Ушбу ишларнинг 264 таси вилоят, туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ ишлар бўлса, 41 таси ҳокимият мансабдор шахси хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ ишларни ташкил қилади.
Ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ жами кўрилган 264 та ишнинг 105 таси қаноатлантирилган. 121 таси рад этилган. 19 таси иш юритишдан тугатилиб, 19 таси кўрмасдан қолдирилган. Ҳокимлик мансабдор шахслари ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ жами кўрилган 41 та маъмурий ишларнинг 6 таси қаноатлантирилган. 21 таси рад этилган, 13 таси иш юритишдан тугатилган ва 1 таси кўрмасдан қолдирилган. Мазкур тоифадаги ишлар юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 130 та хусусий ажрим чиқарилган.
Кўриб чиқилган ишлар туманлар кесимида таҳлил қилинганда 2021 йил давомида Бухоро вилояти 5 та (таъсирчан солиқ механизмини қўллаш ҳақидаги хулосалар), Бухоро тумани 6 та, Бухоро шаҳри 24 та, Вобкент тумани 6 та, Ғиждувон тумани 5 та, Жондор тумани 1 та, Когон тумани 23 та, Когон шаҳри 9 та, Қоракўл тумани 3 та, Қоровулбозор тумани 1 та, Олот тумани 2 та, Пешку тумани 8 та, Ромитан тумани 2 та, Шофиркон тумани ҳокимликларининг 10 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.
Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан қарорлар қабул қилишда қонунларга етарли даражада риоя этмаяпти. Бунинг натижасида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зарар етказилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА