Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳокимларга нисбатан ишончсизлик вотумини қўллаш мумкинми?
17:37 / 2023-02-28

Ишончсизлик вотуми – парламент бошқарув тизими амалда бўлган давлатлар  амалиётида қоида тариқасида ҳукумат ёки айрим вазирнинг сиёсий йўли, муайян тадбири ёки қонун лойиҳасининг қуйи палата томонидан номаъқул топилишидир.

Мазкур институтнинг қўлланилиш тартиби хорижий давлатларда  қандай ва бу Ўзбекистон қонунчилигида қандай акс этган? Ҳокимларга нисбатан ишончсизлик вотумини қўллаш мумкинми? 

Ушбу саволларга Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Сардорбек АЗИЗОВ жавоб берди: 

– Хорижий давлатларда ишончсизлик вотуми кенг қўлланилади. Амалиётда кўпроқ ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотуми қўлланилиши кузатилади. Бу ҳукумат барча масалаларда асосий ижро ҳокимияти экани билан боғлиқ.

Ўзбекистон қонунчилигида ҳам ишончсизлик вотуми институти киритилган. Парламент Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми қабул қилиши мумкин. Бунда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда бу амалга ошиши мумкин.

Фақат маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари, яъни ҳокимларга нисбатан у ёки бу вакиллик органи ёки ташкилот томонидан ишончсизлик вотумини билдириш бўйича нормалар ҳали мавжуд эмас.

Ваҳоланки, бундай тажриба хорижий давлатларда аллақачон қўлланилмоқда. Масалан, АҚШнинг Орегон штатидан ташқари барча штатларда штатнинг қонун чиқарувчи органи губернаторни импичмент қилиш ҳуқуқига эга. Агар штат қонун чиқарувчи органининг қуйи палатаси импичментни қўллаб-қувватласа, у ҳолда юқори палата импичмент суди вазифасини бажаради ва губернаторни айбдор, деб топиш тўғрисида овоз беради.

Бу ҳатто қўшни Қозоғистон Республикасида ҳам бор. “Қозоғистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш тўғрисида”ги қонунининг 24-моддасига асосан Маслаҳат органи (вакиллик органи номи) депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисмининг ташаббуси билан ҳокимга ишончсизлик вотуми билдириш масаласини қўйиши мумкин. Бундай ҳолда, маслаҳат органи ўз депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан ҳокимга ишончсизлик билдириш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисида масалани тегишли равишда Қозоғистон Республикаси Президенти ёки юқори турувчи ҳокимга қўйиш ҳуқуқига эга.

Қирғизистон, Грузия давлатлари қонунчилигида ҳам бундай амалиёт мавжуд.

Ўзбекистонда ҳам бундай амалиётга эҳтиёж бор, албатта. Чунки маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолияти устидан маҳаллий вакиллик органлари томонидан етарлича назорат ўрнатилмаганлиги, ҳоким қарорларни қабул қилиш жараёнларининг мураккаблиги, очиқлиги таъминланмаганлиги ҳамда ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилишга тўсқинлик қилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 2019-2021 йилларда жами 28 минг 253 ҳужжати, шундан прокуратура, адлия ва бошқа органлар таъсир чораларига асосан 14 минг 492 қарор ва фармойиш бекор қилинган. 8 минг 725 таси қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилган, 5 мингдан зиёди суд органлари томонидан ҳақиқий эмас, деб топилган.

“E-qaror” электрон тизими ишга туширилганидан бошлаб адлия органлари томонидан ўтказилган мониторингларда 8 минг 881 қонунбузилиш ҳолатлари мавжуд қарорлар аниқланди. Уларнинг 6 минг 939 тасини бекор қилиш юзасидан  таъсир чоралари кўрилди. Натижада ҳокимликларнинг 6 минг 630 қарори бекор қилинган ҳамда 231 нафар масъул ходим интизомий жавобгарликка тортилган.

Маҳаллий вакиллик органларининг том маънода халқ вакиллари сифатида ижро органлари фаолиятига ҳуқуқий баҳо беришининг ҳуқуқий асосларини яратиш вақти келди. 

Ҳокимларга ва кенгашга ҳисобот берувчи шахсларга ишончсизлик вотумини билдириш юзасидан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ.

Бу халқ вакиллари бўлган депутатлар ва маҳаллий кенгашларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда ваколатлари ошишига хизмат қилади. Ижро ва вакиллик органларининг бир-бирини тийиб туриш ва ҳокимиятлар бўлинишининг ҳуқуқий асослари таъминланади ҳамда вакиллик органлари фаолиятини кучайтиради.

ЎзА мухбири Норгул АБДУРАИМОВА ёзиб олди.