Ҳокимлар нафақат маҳаллий бошқарув раҳбарлари, балки ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширувчи асосий шахслар ҳисобланади.
Улар шаҳарларнинг барқарор ривожланиши, фуқароларнинг турмуш сифати, экология ва инфратузилмани яхшилаш борасида муҳим қарорлар қабул қилади. Хитойнинг Жиндэчжэнь шаҳрида ҳар йили Global Mayors Dialogue Jingdezhen — яъни Жаҳон шаҳар ҳокимлари мулоқоти ташкил этилади. Бу тадбир шаҳар бошқарувидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, янги ғоялар алмашиш ва глобал барқарор ривожланиш йўлидаги ҳамкорликни кучайтириш учун муҳим халқаро майдон ҳисобланади.
Жорий йилги учрашув ҳам асосий шаҳарлар ўртасида барқарор ривожланиш, маданий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда шаҳарларнинг замонавий бошқарув тизими, экологияни муҳофаза қилиш, “ақлли шаҳар” технологиялари бўйича таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, яшил энергия ва тоза муҳит яратиш йўллари, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий меросни асраш, шаҳарлар ўртасида савдо, инвестиция ва сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик ҳамда илмий салоҳиятни ошириш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.
Шаҳарларнинг муаммолари ва ечимлари борасида бир қанча ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйишга келишилди. Тадбирда дунё бўйлаб турли мамлакатлардан шаҳар ҳокимлари, дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар ҳамда маданий арбоблар иштирок этди.
Global Mayors Dialogue Jingdezhen — нафақат тажриба алмашиш, балки маданиятлар дўстлигини мустаҳкамлашда ҳам катта аҳамиятга эга. Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда ҳам “Global Mayors Dialogue” каби халқаро ҳамкорликка қаратилган турли даражадаги форумлар, анжуманлар, мулоқотлар ўтказиб борилади.
Хусусан, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши, яшил энергия, тоза муҳит ва замонавий инфратузилма яратиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган “Барқарор шаҳарлар форуми” (Sustainable Cities Forum), “Шаҳарлар дипломатияси форуми”, “Urban Development and Innovation Forum” ҳамда “Tashkent International Investment Forum” (TIIF) каби тадбирлар шулар жумласидандир.
Хулоса қилиб айтганда, ҳокимлар иштирокидаги халқаро тадбирлар шунчаки учрашув ёки расмий анжуман эмас, балки шаҳарлар ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берувчи муҳим жараёндир. Бундай мулоқотлар орқали ҳокимлар фақат ўз тажрибаларини алмашиш билан чекланмай, балки дунёдаги илғор бошқарув усулларини ўрганади, инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш имконига эга бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Zv0PHqdb7m8" title="Hokimlar zamonaviy taraqqiyotning yetakchi kuchlari bo‘lishi kerak" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Тошқораева,
Искандар Исматов, ЎзА