Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари маҳаллаларга бириктирилди
11:18 / 2026-02-06

Қашқадарё вилоятида туман (шаҳар)лар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари вилоятдаги 776 та маҳаллага номма-ном бириктирилди.

Бу қарор 2026 йил 30 январь куни вилоят ҳокими томонидан Президент раҳбарлигида ўтган йилнинг 14 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини маҳалла тизими билан узвий боғлаш ҳамда аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, туман (шаҳар)лар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари белгиланган рўйхат асосида тегишли маҳаллаларга бириктирилди. Жумладан, Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов Абзият, Авазмалик, Амир Темур ва Аччиғи маҳаллаларига бириктирилган.

Бириктирилган масъуллар ҳар ойда аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, мурожаатларни қабул қилади ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчиликка ҳисобот бериб боради.

Шунингдек, қарорда йил якунлари бўйича энг яхши фаолият кўрсатган 10 та маҳалланинг “маҳалла еттилиги” вакилларини рағбатлантириш масаласи ҳам кўзда тутилган. 

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири