English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳокимиятда мувозанат: маҳаллий бошқарувда янги босқич
17:16 / 2025-12-26

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлат бошқарувини янада демократлаштириш, ҳокимият тармоқлари ўртасидаги мувозанатни мустаҳкамлаш ҳамда вакиллик органларининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Ушбу ташаббуслар мамлакатимизда очиқ, ҳисобдор ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган бошқарув тизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ваколатларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар жамият ҳаётида янги босқични бошлаб бериши билан эътиборга молик. Конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий Кенгашлар раислари лавозимларининг ажратилгани маҳаллий вакиллик органларининг мустақиллиги ва нуфузини сезиларли даражада оширди. Энди ушбу тизим 2026 йилдан бошлаб 208 та туман ва шаҳарда ҳам жорий этилиши маҳаллий давлат бошқарувида янги, самарали муносабатлар тизимини шакллантиради.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, мазкур ислоҳотлар ижро ҳокимиятининг маҳаллий Кенгашларга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришни талаб қилади. Депутат сўровлари ижросини ҳар чоракда таҳлил қилиш, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратура органларига тақдимнома киритиш амалиёти маҳаллий ижро идораларининг масъулияти ва ҳисобдорлигини янада кучайтиради. Бу эса депутатлик назоратини формал эмас, балки амалий механизмга айлантиради.

Шунингдек, давлат харидларида тўғридан-тўғри харид қилиш мумкин бўлган ҳолатларни фақат қонун билан белгилаш ташаббуси ҳам очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Бу қарорлар маҳаллий даражада адолатли рақобат муҳитини шакллантириб, бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга кенг йўл очади.

Мурожаатномада белгиланган ушбу вазифалар Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларни жойларда ҳақиқий халқ “овози”га айлантириш, қарор қабул қилиш жараёнларида фуқаролар фикрини кенг инобатга олиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади. 

Энг муҳими, бу ислоҳотлар маҳаллий даражада инсон манфаатлари, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган.

Ушбу ташаббусларни маҳаллий давлат ҳокимиятини замонавий талаблар асосида ислоҳ қилиш, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш ва демократик жараёнларни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадам сифатида қўллаб-қувватлаймиз.

Санжар Джаббаров,

Демократик жараёнларни таҳлил

қилиш маркази масъул ходими