Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг мурожаат боти, ҳокимликнинг янги расмий веб-сайти ҳамда логотипи ишга тушди.
Бугун аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш ҳар қачонгиданда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлашда веб-сайтларнинг ўз ўрни бор.
Бугунги кунда расмий мақомга эга бўлган вилоят ҳокимлигининг веб-сайти нафақат вилоят ҳамда республика, шунингдек, халқаро миқёсда ҳам Навоий вилояти ҳақида дастлабки маълумотларни олиш мумкин бўлган ягона манба ҳисобланади.

– Вилоят ҳокимлигининг сайти Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги 355-сонли қарорига асосан 2015 йилда яратилган эди, – дейди вилоят “Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш” ДУК раҳбари Хуршид Фармонов. – Сайтдаги айрим рукнлар маънан эскирган ва айрим бўлимлари бугунги кунда техник ишловга муҳтож эди. Ҳозир тақдимот қилаётган янги сайтимизни мобиль телефонингизда бемалол кузатишингиз мумкин. Дизайни янгиланган сайтда фойдаланиш қулай ва содда бўлиб, ногиронлиги бўлган аҳоли учун ҳам, кўзи ожиз инсонлар учун ҳам ҳарфларни катталаштириб ўқиш имконияти бор. Овоз жўрлигида ўқиш имконияти ҳам йўлга қўйилади.

Шунингдек, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида вeб-caйтда “Очиқ маълумотлар”, “Бюджет тўғрисидаги очиқ маълумотлар” “Жамоатчилик кенгаши”, “Коррупцияга қарши курашиш” бўлимлари ташкил этилган бўлиб, ҳар чоракда аҳамиятга молик очиқ маълумотлар жойлаштирилиб борилади. Жумладан, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари, давлат органлари ва ташкилотлари тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар, қурилиши тугалланмаган объектлар тўғрисидаги маълумотлар, қилинган давлат харидлари, маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси ва бошқа маълумотлар билан танишиш имконияти мавжуд. Шунингдек, ҳар-бир мансабдор шахс бўйича маълумот, меҳнат фаолияти, мажбуриятлари, қабул кунлари, боғланиш учун телефон рақамлари киритилган.

Ушбу сайт уч тилда ўзбек, рус ва инглиз тилларида яратилган бўлиб, ҳозирги кунда ўзбек (лотин тилида) маълумотлар тўлиқ жойлаштирилган. Қолган тилларда ҳам маълумотларни янгилаб бориш бўйича ишлар бошлаб юборилмоқда.
Расмий веб-сайтда “Онлайн маслаҳатчи” бўлими бўлиб, аҳоли бемалол ўз таклиф ва мурожаатлдарини ёзма жўнатади. Ушбу мурожаатларни алоҳида назоратга олиб, ижобий ҳал этиш бўйича масъул бириктирилган.

Учрашувда вилоят ҳокимининг мурожаат ботига хабар жўнатиш, назоратга олиш ва ижроси юзасидан амалга ошириладиган жараён мисоллар ёрдамида кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, ҳокимликнинг логотипи тўғрисида тўлиқ маълумотлар баён қилинди ва ҳар бир элемент юзасидан тушунтириш берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири