Мамлакатимизда халқимизнинг энг суюкли байрамларидан бири Наврўз кенг нишонланаётган фараҳбахш кунларда Жиззах вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари билан учрашди.
Учрашувда вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инфратузилмавий лойиҳалар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасидаги очиқ мулоқотни кучайтириш, ахборот шаффофлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирда журналистлар ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларни берди, ҳудуддаги муҳандислик-коммуникация тармоқларини такомиллаштириш, ишсизлик муаммоларини ҳал қилиш, таълим ва тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасида таклифлар билдирди. Улуғбек Мустафоев барча саволларга очиқ ва ошкора жавоб бериб, келгусидаги режалар ҳақида ҳам айтиб ўтди.
[gallery-22383]
– Жиззах вилоятида бир ярим миллион аҳоли истиқомат қилса, шуларнинг энг авангарди сизлар бўласиз, биз ҳокимият, ҳуқуқ-тартибот идоралари доимо сизларга ишонамиз ва таянамиз, – деди Жиззах вилояти раҳбари Улуғбек Мустафоев. –Сизлар рўй берган воқеа -ҳодисаларнинг борини борича кўрсатадиган жамиятимизнинг ҳақиқий кўзгусисизлар. Халқимизда бирор бир ҳаракат, воқеа-ҳодиса ҳақида негатив фикр туғдирадиган ҳам, позитив фикр туғдирадиган ҳам сизларсиз. Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни биз билан биргаликда амалга оширишга кўмаклашишингизга умид қиламан. Наврўз байрами барчамизга муборак бўлсин.
Учрашув самимий руҳда ўтиб, вилоятда ахборот сиёсатига оид долзарб масалалар бўйича фикр алмашилди. Ҳокимият ва ОАВ вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор амалий таклифлар илгари сурилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари