French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчиси ташаббускор бўлса, маҳаллада муаммо қолмайди
13:41 / 2023-01-27

Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Мингчинор маҳалласи аҳолиси кўп йиллар электр энергиясидан азият чекиб келди. Чунки, якка тартибда уй қурган одамлар хонадонларига ўз имкониятларидан келиб чиқиб ёғоч устун ўрнатди. Дуч келган жойдан турли ўлчамдаги электр симларини тортди. Белгиланган меъёрлар асосида ўрнатилмаган ёғоч устунлар, электр симлари йиллар ўтиши билан яроқсиз ҳолга келиб қолди. Маҳаллада янги уй-жойлар қурилиши эвазига трансформатор ҳам зўриқиш билан электр энергияси узатди. Бу ҳолатлар тез-тез носозлик келиб чиқишига сабаб бўлди. Ҳудудда бешта маҳаллага хизмат кўрсатадиган туман тиббиёт бирлашмасининг ҳудудий бўлими ҳам бор. Мўъжазгина 10 ўринли туғуруқ ва 10 ўринли болалар терапиясидан иборат шифохона таъмирталаб бўлиб қолган эди.

Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозими ҳамда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси жорий этилгач бу муаммолар ўз ечимини топди.  

Маҳаллада Акрам Турдиев ҳоким ёрдамчиси лавозимида иш бошлагач аҳоли мурожаатлари асосида бу масалаларнинг ечимини излай бошлади. Ўтган йили аҳоли билан маслаҳатлашган ҳолда дастлаб маҳалладаги шифо масканини тубдан реконструкция қилиш учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи босқичида иштирок этди. Етарли овоз тўплаб 800 миллион сўм маблағни қўлга киритди.  

–Туманнинг тоғли ҳудудига яқин бўлган маҳалламизда барпо этилган бу шифо маскани жиддий таъмирга муҳтожлигини мутасаддилар билсада маблағ масаласи ечилмагани учун орқага сурилиб келаётган эди, – дейди тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Акрам Турдиев. – Аҳолига бундай ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун мамлакатимизда мазкур лойиҳа ишга тушганини айтиб, у овоз бериш йўли билан ошкора ҳал бўлишини тушунтирдим. Бу жараёнда иштирок этиш учун “Очиқ бюджет” ахборот порталида рўйхатдан ўтиб, ўз таклифимизни қолдирдик. Белгиланган муддатда таклифимиз ишчи гуруҳ томонидан модерациядан ўтгач, ахборот портали орқали овоз бериш бошланди. Ғолиб бўлганимиздан сўнг реконструкцияга етарли маблағ молиялаштириб берилди.  

Тиббиёт бўлимида 85 нафар тиббиёт ходими беморларга хизмат кўрсатади. Бўлим бош шифокори Рустам Мавлоновнинг айтишича, олинган маблағдан самарали фойдаланилиб шифо маскани биноси маҳаллага кўрк бағишлайдиган янги қиёфада бўй кўрсатди. Қурувчилар барча ишларни тез ва сифатли бажарди. Тиббиёт ходимлари учун ҳам, беморлар учун ҳам етарли шароит яратилди.  

Маҳалладаги 917 хўжаликда 5 минг 434 киши истиқомат қилади. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси уларнинг электр энергияси таъминотидаги авария ҳолатларидан чекаётган азиятини ҳам “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали ҳал этишга бел боғлади. Ўтган йили “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг иккинчи босқичида қатнашиб, ёғоч электр устунларни бетон устунларга алмаштириш ва янгидан электр симларини тортиш учун бир миллиард сўм маблағ ғолибига айланди.  

–Ажратилган маблағ эвазига 8 километр масофадаги ёғоч устунлар тўлиқ алмаштирилиб, янги электр симлари тортилади, – дея суҳбатни давом эттиради Акрам Турдиев. – Шунингдек, бу маблағдан ташқари, туман электр тармоқлари корхонаси иккита трансформатор ўрнатиб беради. Шу кунларда бетон устунлар ўрнатилмоқда. Бу ишлар якунига етгач маҳалламиздаги ҳар бир хонадон етарли кучланишга эга электр энергияси билан таъминланади.  

Маҳалла аҳолиси кўп йиллик орзулари ушалаётганидан беҳад мамнун. Демак, эндиликда қайси маҳаллада ҳокимнинг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси халқ дарду ташвиши билан яшаб, ташаббускорлик кўрсатса, ўша ҳудуд ижтимоий муаммолардан холи, обод ва фаровон масканга айланади. Мингчинор маҳалласида амалга оширилаётган ишлар бунга  яққол мисолдир.  

 

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири